Комага тушгани айтилган Ким Чен Ин кутилмаганда кўриниш берди

Комага тушгани айтилган Ким Чен Ин кутилмаганда кўриниш берди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин соғлиғи ёмонлашгани ва комага тушгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлардан сўнг жамоатчилик олдида кўринди.

KCNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, у 19-октябрь куни кийим-кечак ва пойабзал кўргазмасига ташриф буюрган. Тадбирда унга рафиқаси Ри Сол Жу ҳамда қизи Жу Аэ ҳамроҳлик қилган. Эълон қилинган суратларда Ким Чен Ин кўргазма маҳсулотларини томоша қилаётгани ва расмийлар билан суҳбатлашаётгани акс этган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шимолий Корея раҳбарининг миясига қон қуйилгани, комага тушгани ва даволаниш учун Хитойга олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ ушбу даъволар ҳозирча ишончли далиллар билан тасдиқланмаган.

Ким Чен Иннинг саломатлиги билан боғлиқ миш-мишлар аввал ҳам бир неча бор кузатилган. У бир муддат омма олдида кўринмай қолса, унинг соғлиғи ва эҳтимолий вориси ҳақида турли тахминлар пайдо бўлади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар