АҚШда ҳайвон танасидаги тирик гўшт билан озиқланадиган хавфли паразит аниқланди

АҚШнинг Техас штатида ҳайвонларнинг тирик тўқималари билан озиқланадиган хавфли паразит — Янги Дунё винт қурти аниқланди. Бу мамлакатда паразитнинг ёввойи ҳайвонда қайд этилган илк ҳолати бўлди. Бу ҳақда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, паразит Техас штатининг Пекос округидаги овчилик хўжалигида яшаган элкда топилган. Ҳайвон овчи томонидан овланганидан кейин мутахассисларга хабар берилган.
Ёввойи ҳайвонларда текширувлар кучайтирилди
Ҳодисадан сўнг Техас ҳайвонлар саломатлиги комиссияси паразит тарқалиши мумкин бўлган ҳудуд чегараларини қайта кўриб чиқмоқда. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Техаснинг боғлар ва ёввойи табиат департаменти эса атрофдаги ёввойи ҳайвонларни қўшимча текширувдан ўтказмоқда.
Техас ёввойи табиат бўлими директори Алан Кейн овчилар ва ер эгаларини ҳайвонларда паразит белгилари пайдо бўлишига эътибор қаратишга чақирди. У ов мавсуми давомида табиат қўйнида бўлган кишиларни эҳтиёткор бўлишга ундади.
Паразит АҚШга яна қандай қайтиб келди?
Янги Дунё винт қурти АҚШда бир неча ўн йиллар аввал йўқ қилинган эди. Бироқ сўнгги йилларда у Марказий Америка орқали Мексикадан шимолга қараб тарқала бошлади. Бу ҳолат АҚШда чорвачилик соҳаси учун жиддий хавотир уйғотди.
Паразитнинг тарқалишини чеклаш мақсадида АҚШ ўтган йили Мексикадан тирик қорамол олиб киришни тўхтатган. Импорт жорий йил август ойида Аризонадаги чегара пункти орқали босқичма-босқич қайта тикланган.
Чорва импортининг тўхтатилиши АҚШда қорамол таъминотига таъсир кўрсатиб, мол гўшти нархининг рекорд даражага кўтарилишига ҳам сабаб бўлгани айтилмоқда.
Шунга қарамай, паразит билан боғлиқ ҳолатлар кузатилишда давом этган. Жорий йил июнь ойида Техаснинг Мексика билан чегарадош Заваля округида бузоқда ҳам ушбу паразит аниқланган. Кейинчалик бошқа зарарланиш ҳолатлари, жумладан, от ва итларда ҳам қайд этилган.
Ҳайвонлар учун қанчалик хавфли?
Янги Дунё винт қурти пашшасининг личинкалари ҳайвон танасидаги тирик тўқималарга кириб, улар билан озиқланади. Бу жараён оғир яралар пайдо бўлишига ва инфекция ривожланишига олиб келиши мумкин.
Агар ўз вақтида ветеринария ёрдами кўрсатилмаса, ҳайвоннинг аҳволи оғирлашиб, ҳатто нобуд бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабабли мутахассислар ёввойи ва хонаки ҳайвонларда шубҳали аломатлар кузатилса, тегишли идораларга хабар бериш муҳимлигини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…