Австралияда бошидан оёқлар ўсган бузоқча операция қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Австралияда бошидан иккита қўшимча оёқ ўсган бузоқча Спайдер муваффақиятли операция қилинди.
- Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолат қорамолларда учраб туради, аммо Спайдерда ортиқча оёқлар бош қисмида шакллангани билан ажралиб туради.
- Олимлар буни "эгизак паразит" ҳодисаси ёки генетик омиллар билан боғлиқ деб тахмин қилишмоқда, аммо аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас.
- Операциядан сўнг бузоқча тезда тикланиб, онасининг олдига қайтарилди.
Австралияда бошидан иккита қўшимча оёқ ўсиб чиққан бузоқча ветеринарларни ҳайратда қолдирди. Спайдер деб номланган ҳайвонни дастлаб эвтаназия қилиш ҳам кўриб чиқилган, бироқ мутахассислар унга яна бир имконият беришга қарор қилди. Натижада жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Воқеа Австралиянинг Квинсленд штатида содир бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қорамолларда қўшимча оёқлар билан туғилиш ҳолатлари учраб туради. Аммо Спайдерда ортиқча аъзолар танасида эмас, балки бевосита бош қисмида шакллангани билан ажралиб туради.
Сидней университети Ветеринария фанлари мактаби ходими Имке Тамменнинг айтишича, ҳозирча бундай ғайриоддий ҳолатнинг аниқ сабаби маълум эмас. Олимлар эҳтимолий сабаблардан бири сифатида «эгизак паразит» ҳодисасини кўрсатмоқда.

Бу ҳолат эмбрионлар ривожланишининг дастлабки босқичида юз бериши мумкин. Бунда эгизаклардан бирининг тўқималари иккинчисининг организмида сақланиб қолади. Натижада ҳайвон танасида қўшимча аъзолар шаклланиши эҳтимоли бор. Бироқ мутахассислар Спайдерда ҳам айнан шу жараён содир бўлганини ҳозирча тасдиқламаган.
Бундан ташқари, қўшимча оёқларнинг пайдо бўлишига генетик омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Айрим қорамол зотларида бундай туғма нуқсонлар муайян ирсий ўзгаришлар билан боғлиқ. Шунингдек, эмбрион ривожланишидаги бошқа бузилишлар ҳам шундай аномалияларга олиб келиши мумкин.
Ветеринар Меган Смит ўзининг 20 йиллик фаолияти давомида бундай ҳолатга биринчи марта дуч келганини айтган. Спайдернинг эгалари унинг келажакдаги аҳволидан хавотирланиб, дастлаб эвтаназия қилиш имкониятини ҳам кўриб чиққан.
Бироқ ветеринарлар бузоқчани сақлаб қолишга уриниб кўришни маъқул топган. Қўшимча оёқлар ҳайвон улғайган сари унинг ҳаракатланиши ва мувозанатни сақлашига халақит бериши мумкин эди. Шу сабабли уларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга қарор қилинган.
Операция тахминан 90 дақиқа давом этган ва муваффақиятли якунланган. Муолажадан кейин Спайдер тезда ўзини тиклаб, онасининг олдига қайтарилган.






























Изоҳлар 0
…