Ўзбекистонда уй ва чорва ҳайвонларини рўйхатга олиш мажбурий этиб белгиланди

Ўзбекистонда қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, ит ва мушукларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ҳамда кузатиш тартиби жорий этилди. Янги тизим орқали ҳайвонлар ҳақидаги маълумотлар ягона электрон базада жамланади.
Бу тартиб 2025 йил 6 августда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1079-сонли қонун билан белгиланган. Ҳужжат 2026 йил 7 августдан кучга кирган.
Қонунга кўра, ҳар бир ҳайвонга бошқа жониворларда такрорланмайдиган махсус идентификация рақами берилади. Бунда визуал бирка, электрон микрочип ёки микрочипли биркалардан фойдаланилади.
Электрон базага ҳайвоннинг ёши, жинси, ранги, зоти, эгаси ва идентификация рақами ҳақидаги маълумотлар киритилади. Шунингдек, унинг туғилиши, келиб чиқиши, ҳаракати, касалликлари, даволаниши ва ветеринария ҳолати билан боғлиқ маълумотлар ҳам қайд этиб борилади.
Ҳайвонларни идентификация қилиш муддатлари:
Қорамол, қўй, эчки ва туялар — туғилганидан 14 кун ўтгач;
Чўчқалар — туғилганидан 1 ой ўтгач;
Отлар — туғилганидан 4 ой ўтгач;
Ит ва мушуклар — туғилганидан 3 ой ўтгач.
Белгиланган ёш муддати тугаганидан кейин ҳайвонлар бир ойдан кечиктирмай идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши лозим. Ўзбекистонга сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида олиб кирилган ҳайвонлар эса мамлакатга кирган кундан бошлаб 21 кун ичида идентификация қилиниши керак.
Қонун ҳайвонларнинг бутун ҳаёт даври давомида уларни ҳисобга олиш, ҳаракатини кузатиш, ветеринария назоратини кучайтириш ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган.
Ҳужжат талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин. 1 январдан паспортсиз ҳайвон эгалари жаримага тортилиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…