Тожикистонда фолбинлар ва сеҳргарлар махсус назоратга олинади

Тожикистонда фолбинлик, сеҳр-жоду, хурофот ва фуқароларни алдаш билан боғлиқ фаолиятларга қарши назорат кучайтирилмоқда. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги бундай ишларга алоқадор шахсларни махсус маълумотлар базасига киритиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Вазирликнинг 21 октябрь куни эълон қилган баёнотига кўра, рўйхатга турли тоифадаги шахслар киритилади. Улар орасида фолбинлар, сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар, ўзини диний уламолар сифатида таништирувчи айрим кишилар ҳам бор.
Махсус рўйхатга кимлар киритилади?
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, маълумотлар базаси фақат фолбин ва сеҳргарлар билан чекланмайди. Унга фоҳишалик билан боғлиқ фаолиятда иштирок этувчи шахслар, уларнинг мижозлари ва яқинлари, шунингдек, гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар ҳам киритилиши мумкин.
Қайд этилишича, рўйхатга киритилган шахслар тегишли идоралар назоратида бўлади. Зарур ҳолларда ваколатли тузилмаларнинг сўровига асосан улар ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.
Вазирлик фуқароларга мурожаат қилди
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги аҳолини фуқароларни алдаш ва хурофотга асосланган фаолият билан шуғулланувчи шахслардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Вазирлик баёнотида бундай кишилар билан алоқалардан узоқ туриш фуқароларнинг ўзи ва оиласи учун ҳам муҳим экани таъкидланган.
Мазкур чоралар мамлакатда хурофот, фирибгарлик ва жамият учун зарарли деб баҳоланган фаолиятларнинг олдини олишга қаратилган.






























Изоҳлар 0
…