Путин Тожикистонда рус тилига эътибор учун Раҳмонга миннатдорлик билдирди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Россия Президенти Владимир Путин 12 ноябр куни Кремл саройида Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида Тожикистонда рус тилига қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
- Икки давлат раҳбари Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитидан сўнг стратегик ҳамкорлик ва гуманитар алоқаларни муҳокама қилди.
Россия Президенти Владимир Путин Тожикистонда рус тилига кўрсатилаётган эътибор учун мамлакат раҳбари Имомали Раҳмонга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у 12 ноябрь куни Кремль саройида бўлиб ўтган икки томонлама учрашув чоғида маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Москвада навбатдаги саммитда иштирок этди. Саммит якунланганидан кейин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия раҳбари билан икки томонлама музокаралар ўтказиш учун Москвада яна бир кун қолди.
«Бугун, келишиб олганимиздек, учрашувимизни икки томонлама муносабатларга бағишлаймиз. Бу алоқалар, шубҳасиз, стратегик хусусиятга эга бўлиб, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда жуда ижобий ривожланмоқда. Тожикистонда рус тилига кўрсатилаётган эътибор учун сиздан миннатдормиз ва мен буни доимо таъкидлаб келаман», — деди Путин.
Россия раҳбари икки мамлакат ўртасида алоҳида эътибор талаб қиладиган бошқа кўплаб масалалар ҳам борлигини қайд этди. Шунингдек, Раҳмонга Москвада қолиб, икки томонлама музокаралар ўтказиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.
Путин 11 ноябрь куни КХШТ саммитида ташкилотнинг масъулият ҳудудида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинганини ҳам эслатди. Унинг фикрича, музокаралар ижобий ва самарали якунланган ҳамда давлатларнинг хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлиги яна бир бор тасдиқланган.
Тожикистонда рус тилининг мақоми
Тожикистон Конституциясининг 2-моддасига кўра, мамлакатнинг давлат тили — тожик тили. Рус тилига эса миллатлараро мулоқот тили мақоми берилган.
2009 йил 5 октябрда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унга мувофиқ, давлат органлари ва расмий иш юритишда тожик тилидан фойдаланиш белгиланган.
2022 йилда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда таълим рус тилида олиб бориладиган 39 та мактаб фаолият юритган. Уларда қарийб 27 минг нафар ўқувчи таҳсил олган. Шунингдек, 160 дан ортиқ аралаш — тожик-рус тилларида таълим бериладиган мактабларда қарийб 70 минг нафар бола ўқиган.
2022 йилда Россия билан ҳамкорликда бешта янги мактаб ҳам фойдаланишга топширилган. Улар Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб ва Турсунзода шаҳарларида жойлашган.
Бундан ташқари, рус тилини ўрганиш Тожикистондаги умумтаълим мактабларининг ўқув дастурига киритилган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…