Ҳайвонларда учрайдиган вирус илк бор одамда аниқланди

Ҳайвонларда учрайдиган вирус илк бор одамда аниқланди

Францияда асосан қорамолларда учрайдиган Шамонда вируси илк бор инсонда аниқланди. Вирус қайд этилган бемор октябрь ойи бошида Лион шаҳрида вафот этган. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолатга қадар вирус одамларга юқмайди, деб ҳисобланган. Вафот этган беморнинг иммунитети кескин заифлашган бўлиб, у Лиондаги касалхонада даволанган.

Мутахассислар вирус беморга майда қон сўрувчи ҳашарот орқали юққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ инфекциянинг аниқ манбаси ҳозирча номаълум.

Беморда ўлимидан олдин кузатилган мия асоратлари вирус билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли бор. Айни пайтда Шамонда инфекцияси унинг ўлимига сабаб бўлганми ёки бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатганми, деган савол ўрганилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази текширувда ҳамкорлик қилмоқда.

Ҳозирча вирус аҳоли саломатлиги учун кенг кўламли хавф туғдираётганига далил йўқлиги билдирилган.

Шамонда вируси ҳақида нималар маълум?

Вирус асосан қорамолларга таъсир қилади. Касалланган ҳайвонларда иситма, ҳолсизлик ва ич кетиши кузатилиши, сигирларда эса сут маҳсулдорлиги пасайиши мумкин. Инфекция майда чақувчи ҳашаротлар орқали тарқалади.

Шамонда вируси илк бор 1960-йилларнинг ўрталарида Нигерияда аниқланган. Кейинчалик Африка ва Японияда ҳам қайд этилган. 2026 йил ёзида эса вирус Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳайвонлар орасида тарқалган.

Франциядаги ушбу ҳолат вируснинг инсонда аниқланган биринчи маълум мисоли ҳисобланади. Унинг ўлим билан боғлиқлиги бўйича якуний хулоса ҳали берилмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар