date
views 3 919

Истанбулни бой берган Эрдўғон даври тугамоқдами?

Истанбулни бой берган Эрдўғон даври тугамоқдами?
Истанбул учун ўтган қайта сайловда яна ғолиб чиққан Акрам Имомўғли тарафдорлари қатор тизилиб турган камералар томон шодликдан қичқирар эдилар. Жараённи ёритаётганлар ичида давлатга қарашли ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг измидаги TRT канали ҳам бор эди.

Қўлида Туркия байроғини тутиб, юзига жаноб Имомўғли юзини эслатувчи ниқоб тақиб олган бир аёл TRT тасвирчиси томон кела бошлади. «Бизни суратга олаяпсанми? – қичқирар эди аёл. – Биз шу ердамиз. Биз қаердалигимизни кўрсат!».

Шу тариқа узоқ йиллар бир инсон ҳукмида яшаб келган Туркиянинг бир қисми ўзини енгил ҳис эта бошлади.

Туркияда маҳаллий сайлов камдан-кам бундай йирик аҳамиятга эга бўлади. Бироқ жорий сайлов 25 йил давомида фақат сиёсий музаффарлик билан олға қадам босиб келаётган жаноб Эрдўғонга жиддий зарба бериши билан яққол ажралди.

2003 йилдан бери қудратда бўлган жаноб Эрдўғон даврида мухолифат умидсизларча парчаланиб кетган эди. У эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ғолиб қўл билан олға қадам босар эди.

Ўзининг диндор ва анъанадор қарашли тарафдорлари қўллови орқали янада кўпроқ қудратга эришган жаноб Эрдўғон мамлакат ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзига содиқ, аммо бу садоқатдан манфаат кўзлаган шахслар билан тўлдириб ташлаган эди.

Қимматга тушган нотўғри ҳисоблаш

Таҳлилчилар президент Эрдўғон ва унинг AK партияси Истанбул учун сайловни қайта ўтказиш билан ўз кучини ортиқча баҳолаб юборганини айтмоқдалар.

«Ким Истанбулни эгалласа, Туркияни эгаллайди» дея таъкидлаган президент Эрдўғон ўз қудратини нотўғри ҳисоблагани тўғрисида сўзламоқдалар.

Жаноб Имомўғлини ҳаттоки шаҳарнинг энг консерватив ҳудудлари – Фотиҳ (Истанбулнинг диндор маркази), Тузла (AKP номзоди Бинали Йилдиримнинг сайлов округи) ва Ускудар (президент Эрдўғон яшайдиган ҳудуд) – ҳам қўллаб-қувватлади. Бир савол туғилади: нега?

Жавоб эса шаҳар бўйлаб ёпиштириб чиқилган бир сўздан иборат: umut (умид).

AKP жаноб Имомўғли обрўсини тўкиш учун уни ҳар қандай ном билан атаб кўрди: террорчи, давлат тўнтариши тарафдори, фирибгар, юнон. Ҳатто уни жаноб Эрдўғоннинг энг ашаддий рақибларидан бири бўлмиш Миср президенти Абдулфаттоҳ Сисийга ҳам тенглаштирдилар. Бироқ жаноб Имомўғли бундай туҳматларни юзда табассум билан рад эта олди.

У Туркия аҳлига Истанбулни 25 йил давомида консерватив ҳукмдорлик юзага келтирган коррупция ва непотизм илдизларидан тозалай олишини исботлади.

Март ойидаги биринчи сайловдан то қайта сайлов эълон қилингунга қадар ўтган 18 кунлик ҳокимлик даврида президент Эрдўғон оиласига алоқадор давлат тендерлари туфайли Истанбул бюджетида $4 миллиардлик камомад пайдо бўлганини фош этган эди.

Бу Эрдўғон даври интиҳоси аломатими?

Мухолифат ниҳоят ўзининг ғолиб келишга қурби етишини англади. Эндиликда мухолиф кучлар миллий сайловларда ҳам бўш келмаслиги тайин. Туркияда кейинги ялпи сайлов 2023 йилда бўлиб ўтиши белгиланган, аммо «AKP»нинг бундай аламли мағлубияти ортидан сайловни эрта ўтказишга талаблар ортиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Жаноб Эрдўғоннинг авторитар бошқаруви кучайган сари унинг атрофидаги ишончли одамлар ҳалқаси ҳам қисқара борди. Айни вақтда президент Эрдўғоннинг ҳеч қандай арзирли вориси йўқ – молия вазири ўлароқ хизмат қилаётган куёви эса одамларни ўз ортидан эргаштира олиш қобилиятига эга эмас. Ўзи ташкил этган AK партияси жаноб Эрдўғонсиз фалажланиб қолиши турган гап.

Президент Эрдўғон ҳукмдорлиги интиҳосининг ибтидоси бошлангани борасида гап-сўзлар урчимоқда.

Ўтган йиллар давомида Туркия жамияти турли қутбларга ажраб кетди, мамлакатнинг ўзи эса матбуот эркинлиги, суд тизими ва инсон ҳуқуқлари рейтингларида пастга қулади. Мухолифат умид қилган ягона нажот эса эркин сайлов бўлди.

Мухолифат, кеч бўлса-да, ғалабага эриша олди – аммо бундан чиқарилган энг муҳим хулоса шуки, Туркия демократиясида ҳали-ҳамон ҳаёт сақланиб қолган экан.

Манба: Minbar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбулни бой берган Эрдўғон даври тугамоқдами?