16:12 / 23 марта 2020
1 113

Хитойлик шифокор Италияда коронавирусга қарши етарли чоралар кўрилмаганини айтди

Хитойлик шифокор Италияда коронавирусга қарши етарли чоралар кўрилмаганини айтди
Фото: Getty Images
Хитойдаги Халқаро қизил хоч қўмитаси вице-президенти Сун Шуопен Италияда коронавирусга қарши етарли чоралар кўрилмаганини айтди. Бу ҳақда «Gazeta.ru»га таяниб, «Дарё» хабар бермоқда.

«Миланда, пандемиядан энг кўп азият чеккан ҳудудда, қатъий блокировка йўқ: жамоат транспорти ҳали ҳам ишламоқда, одамлар эркин ҳаракатланиб юрибди, бирга овқатланмоқда, меҳмонхоналарда йиғилиш ва ўтиришлар ўтказмоқда ва ниқоб тақишмаяпти», — дея коронавирусга қарши курашишда ёрдам бериш учун Миланга келган шифокор Италия ҳукуматининг хатоларига ишора қилди.

Унинг айтишича, италияликлар касаллик тарқалишини камайтириш учун ўзларининг кундалик одатларидан воз кечиши керак. «Билмайман, бу ерда одамлар нимани ўйлайди. Биз ҳақиқатан ҳам ўзимизнинг иқтисодий фаолиятимиз ва одамлар билан ўзаро муносабатимизни тўхтатишимиз керак», — дея сўзларини якунлаган Сун Шуопен.

Хабарда айтилишича, Италияга қўйилган айбловларга қарамай, мамлакат Европа давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Хитой билан авиақатновларни тўхтатган эди. Бу 30 январь куни Хитойда касалланганлар сони 9,5 минг, Италияда эса 2 та бўлган вақтда амалга оширилганди. Касалланганларнинг ҳар иккиси ҳам Хитойдан келган фуқаролар бўлган.

23 февралга келиб эса мамлакатда касалланганлар сони 79 нафарга етганида Италия бош вазири ўринбосари Жузеппе Конте Ломбардия ва Венетода карантин жорий қилганди. 8 мартда улар қаторига яна 14 та провинция қўшилди. Орадан икки кун ўтиб, мамлакатда коронавирусдан азият чекаётганлар сони 9 172 кишига етгани маълум қилинганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинган.

Италияга коронавирус расман январь ойи охирида кириб келган. Аммо айрим шифокорлар инфекция мамлакатда бундан анча олдин пайдо бўлган, деган фикрда. «Вирус, эҳтимол, узоқ вақтдан бери айланиб юрган. Бу бизда айнан грипп авж олган пайтга тўғри келган ва одамлар шифокорларга мавсумий грипп белгиларини айтган», — деган Италия соғлиқни сақлаш институти ходими Флавия Риккардо.

Бугунги кунда италияликларнинг 46 мингдан ортиғи коронавирусга чалинган. Мамлакатда бир сутка давомида касалланганлар сони 651 кишидан 5 476 кишига кўтарилган.

22 март ҳолатига кўра, бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 307 мингдан ошиб кетган. 13 минг нафар одам вафот этган, 92,3 минг нафар одам тузалган. Инфекция Хитойдан ташқари жаҳоннинг яна 167 мамлакатида кузатилган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 46 нафарга етди. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун карантинга олинган объектларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кун-у тун хизмат фаолиятини олиб бормоқда.

коронавирус Италия
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)