
Kun.uz пандемия ва иқтисодий инқироз даврида аҳоли ва давлатни қизиқтирган турли масалалар юзасидан туркум интервьюлар ташкил этмоқда. Бу галги суҳбатдош Москвада фаолият олиб бораётган юристлар Ботиржон Шермуҳаммад ва Зарнигор Омонуллаева мавжуд вазиятга баҳо бериб, келгуси қадамлар ҳақида таклифлар билдирди. Шунингдек, суҳбат давомида патент, ҳужжатларни расмийлаштириш ва тиббий ёрдам олиш муаммолари ҳам муҳокама этилган.
– Ассалому алайкум, Ботиржон ака, жуда кўп ўзбекистонликларнинг ташқи иқтисодий фаолияти Россия билан боғлиқ бўлгани учун сўрамоқчиман, у ерда вирусга қарши кураш қандай кечмоқда, юқори ва маҳаллий раҳбарлар қандай чоралар кўряпти?
– Ваалайкум ассалом, Россия ҳукумати ўзи учун керакли бўлган қарорларни қабул қиляпти. Вазиятга қараб одамларни ўзини иҳоталашга чақиряпти. Одамларни камроқ кўчага чиқишини камайтириш мақсадида давлат томонидан аввал 5 апрелгача, кейин эса 30 апрелгача дам олиш деб эълон қилинди. Бунга ҳам эътибор бермай, кўчага чиқадиган бўлса, махсус рухсатномалар талаб қилишга ўтилди.

Ботиржон Шермуҳаммад
Шу ўринда айтиш керак, Россияда одамлар коронавирусга нисбатан Ўзбекистондагига қараганда ҳам масъулиятсизлик билан қараяпти. Буни кўчаларда одамларнинг ниқоб тақмай юришидан сезиш мумкин. Бундан ташқари, пандемия хавфи ва у олиб келадиган муаммолар жудаям бўрттирилган деган қарашдаги одамлар (ҳатто юристлар орасида кузатилмоқда) мавжуд.
Шу билан бирга Россияда ва ғарб давлатларида шарқ мамлакатларида йўлга қўйилган, давлат ва халқ пул йиғиб муҳтожларга етказиш чораларини кўриш учун биргаликда ҳаракат қилмаяпти. Фақат давлатни ўзи ҳар хил имтиёзлар, солиқ чекловлари бериляптику, лекин масалан Туркия ёки Ўзбекистондагига ўхшаган ишларни йўлга қўймади ҳозирча.
– Зарнигор опа, Ўзбекистонда карантин чекловлари қатъий ўрнатилган ва уни бузганлик учун жарималар ҳам белгиланган. Россияда бу борада ҳолат қандай?

Зарнигор Омонуллаева
– Россия Федерациясининг пандемияга қарши курашиш сиёсати шунақаки, ҳар бир маъмурий ҳудуд ўз ерида пандемияга қарши қандай курашни лозим топса, шунга мос чоралар кўряпти. Москва области алоҳида субъект бўлишига қарамасдан унинг таркибига кирувчи яна бошқа маъмурий ҳудудлар бор ва улар ўз молиявий имкониятидан келиб чиқиб чоралар қўллаяпти. Мисол учун, кам таъминланган, кўп болали оилаларга давлат ёрдам пулини кўпайтирган бўлса-да, маҳаллий ҳокимиятлар ҳам ёрдам кўрсатяпти. Яъни ҳар бир минтақа пандемияга ўз шароитидан келиб чиқиб нимани тўғри деб билса шундай равишда курашяпти.
– Сизларнинг фаолиятингизга оид масалалардан бири меҳнат мигрантларига ҳам ҳуқуқий ёрдам бериш ҳисобланади. Коронавирус туфайли меҳнат мигрантлари иш фаолиятини давом эттиролмайди, уларнинг аҳволи, вазияти қандай? Уларнинг тўлов, патент, рўйхатдан ўтиш ва бошқа масалалари бор: булар қандай ҳал этиляпти?
Ботиржон Шермуҳаммад:
– Бугунги кунгача қонун қандай талаб қилган бўлса, шундай амал қилиб келинаётган эди. Яъни регистрация муддатини чўзиш, патентни вақтида тўлаш, уни расмийлаштириш каби ишлар. Буни ўз вақтида бир неча марта тегишли жойларга айтганман, яъники, давлат бир тарафдан ўз-ўзини иҳоталашни, кўчага чиқмасликни талаб қилса, иккинчи томондан, патентлар муддати тугагани сайин ҳеқ ким янги тўловлар қилиш-қилмаслик ҳақида эълон қилмаган. Шунга ўхшаган мантиқсиз ҳолатлар бўлгани учун, минрация марказлари ва бўлимларида мигрантларнинг навбатлари пайдо бўлиши, у ерда одамларнинг кўп йиғилиб қолиши кузатилди.
Россия ҳукуматига Ўзбекистон томонидан ҳам, Тожикистон томонидан ҳам патент тўловини вақтинча тўхтатиб туриш бўйича муносабатлар бўлди.
Мана бугун Россия Президентининг фармони чиқди, унга кўра, 15 мартдан 15 июнгача барча ҳужжатлар муддати чўзилган ҳисобланади, патент ва бошқа рухсатномаларни олиш учун мурожаат қилинмайди.
Бу даврда мигрантларга нисбатан ҳеч қанақа Россиядан чиқариб юбориш, тақиқ қўйиш каби маъмурий чоралар кўрилмасин деб ёзилган. Бу нарса жуда кеч чиқди, 15 мартдан дейилишига ҳам Ўзбекистон шу пайтдан, 18 мартдан бошлаб эса Россия ўз чегараларини ёпди.
Аслида, бошқа давлатларда масалан, Чехия ёки Қозоғистон ҳам чет эл фуқаролари мамлакатда турган бўлса, карантин туфайли уларнинг ҳужжатлари ўз-ўзидан маълум муддатга чўзилгани айтилди.
Кеч бўлсада тартиб ўрнатилди, энг кўп савол, ҳужжатлар муддатини чўздириш, патент тўлови нима бўлади каби саволлар эди.
– Зарнигор опа, сиз Call марказда ҳам ишлаяпсиз, у ердаги мигрант аҳолини патент ва рўйхатга олишдан ташқари яна қандай муаммолар қийнамоқда? Пандемия инқирози пайтида улар нима ҳақда кўпроқ ўйлаяпти?
– Меҳнат муҳожирлари ҳаётининг ҳар жабҳаси маълум муддатга одатий режимдан чиқиб қолган. Уларни қандай мвзулар қизиқтирмайди, дейилса осонроқ. Эътиборли бўлган биринчи нарса меҳнат муҳожирларининг тиббий хизматга бўлган ҳуқуқидир. Ўзим шахсан дуч келган вазиятлар бир қанча, масалан, ҳомиладор аёллар аввал пандемиягача тиббиётга имкониятлар суст бўлган, ўз ҳисобидан ёки суғурта ҳисобидан даволанган бўлса, ҳозирги пайтда бу янаям қийинлашган.
Оддий иситма билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қийналади. Хусусий клиникаларга бориш учун ҳам қанчадир маблағ керак ва бу маблағ йўқлиги сабаб, ҳозир ҳамма коронавирусга тест топширадими ёки саломатлигини текшириш учунми – буни бепул бўлишини истаяпти.
Фарзандли бўлган аёлларнинг энг катта муаммоси ҳам фарзандини олиб бориб соғлиғини текширтириш эди. Коронавирусга тест топширмоқчи бўлганда тез тиббий ёрдамни чақириши, поликлиникага тавсия билан борганда, у ёқда яна ҳар турли ҳужжатлар талаб қилиниши ва бошқа бюрократик тўсиқлардан қийналарди, бугунги янгиликларга кўра, энди яшаш жойи яқинидаги поликлиникага олиб бориб тест топширса бўлади, лекин бу тартиб меҳнат муҳожирларига нисбатан қанчалик ишлайди?
– Турли сабаблар билан Россияга бориб, у ерда пули тугаб ёки аэропортда чартер рейсларини кутиб турган одамларнинг шароити қандай, уларга ким кўмак беряпти? Уларни қайтариш ёки ўша ерда кўмак бериш имкониятлари қандай?
Ботиржон Шермуҳаммад:
– Март ойини охирига билет олган одамлар анча қийналиб қолиб кетишди. Чунки йўллар ёпилганлиги, самолётлар бекор қилинганлиги бирдан эълон қилинди. Кўпчилик аэропортни ўзида, ҳаттоки баъзилар қанақадир тартибсизлик бўлган, регистрациядан, чегарадан ўтиб, лекин самолёт учмай қолган ҳолатлари ҳам бўлган. Транзит зоналарда қолиб кетганларни ҳам кўрдик. Бу масала, яъни аэропортдагиларники ҳал қилинди.
Ўзбекистон элчихонаси ҳам, жамоатчилик ҳам қараб турмади, ёрдам қилинди. Москвани оладиган бўлсак, 160 киши қолган, улар шаҳарда махсус хостелга жойлаштирилган ва миграция агентлиги қошидаги фонднинг маблағи эвазига уларни уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланяпти. Биринчи чартер рейс ташкил қилингандан юбориш режалаштириляпти.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар