22:10 / 16.08.2020
3 172

Германияда «Ўзбек қовунлари куни» ўтказилди

Германияда «Ўзбек қовунлари куни» ўтказилдиГермания қовун импорт қиладиган бешта йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили мамлакат бозорига 130 минг тоннага яқин полиз маҳсулотлари олиб келинади. Испания, Италия, Францийа, Бразилия, Коста-Рика ва Туркия бундай маҳсулотлар етказиб берувчилар орасида етакчилик қилади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Ўзбекистондан Германия маҳаллий бозорига янги ҳосилдан қовун маҳсулотларининг етказилиши бундай ноз-неъмат мухлислари эътиборидан четда қолмади. Ўзбек қовунлари тезда ўзининг ажойиб таъми билан машҳурликка эриша бошлади. Немис харидорлари уларни «Usbekische Honigmelone», яъни «ўзбек асал қовунлари», деб аташида ҳам чуқур маъно бор.

Бугун ўзбек қовунлари Германия пойтахти ҳамда Бавария, Қуйи Саксония, Баден-Вюртемберг, Гамбург ва бошқа федерал ўлкалар савдо тармоқларида сотилмоқда.

Ўзбекистон қовунининг Германияга экспорт ҳажми тобора ортиб бормоқда. Агар бу кўрсаткич 2018 йилда 353 тоннани ташкил қилган бўлса, жорий йил уни 1 000 тоннага етказиш кутилмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг «Red Pack» компанияси германиялик шериклар билан тузилган эксклюзив шартнома доирасида «Мирзачўл» бренди остида маҳсулот етказиб бера бошлади.

— Маҳсулот сифати, бренди ва маркетингига босқичма-босқич сармоя киритиб, Европа бозорининг қатъий талабларига мослашмоқдамиз, —деди компания директори Роман Саламатов. — Биз қовунларни сақлаш муддатини узайтириш учун уларни музлатишни ўзлаштирдик, махсус қадоқлаш усулини ишлаб чиқдик. Европалик ҳамкорларимиз сўровига биноан, супермаркетлар уларни омборхоналар ва савдо майдонларига қийналмай кўчириши учун полиз маҳсулотлари жойлаштирилган қутиларни махсус тадликларга жойлаштираяпмиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида яшаётган инсонларга ўзбек қовуни мазасини татиб кўришига ҳисса қўшиш – бизнинг орзуимиздир.

Германия аҳолисига ҳақиқий ўзбек қовунининг беқиёс таъмини татиб кўриш имкониятини тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон элчихонаси ушбу мамлакатнинг «LEDO» савдо тармоғи билан ҳамкорликда Берлинда «Ўзбек қовунлари куни» тематик тадбирини ўтказди.

Берлин аҳолиси ва меҳмонлари нафақат гўзал Риштон лаганларида тақдим этилган ширин ўзбек қовунидан татиб кўрди, балки Германия университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик иқтидорли талабалар томонидан тайёрланган миллий маданиятимиз хос бадиий чиқишлардан ҳам баҳраманд бўлди.

Шунингдек, дипломатларимиз томонидан ташкил этилган «Сиз Ўзбекистонни биласизми?» викторинаси ҳам катта қизиқиш уйғотди. Унда фаол қатнашганларга эсдалик совғалари топширилди.

Мухбиримиз тадбир қатнашчиларининг таассуротлари билан қизиқди.

— Мен ўзбек қовунини биринчи марта татиб кўрдим, — деди гимназия ўқитувчиси Карл Рудолф. — Улар бетакрор таъм ва хушбўй ҳидга эга экан. Илгари бизнинг супермаркетларда бундай ширин маҳсулотларни учратмаганман. Бу - ҳақиқий табиий маҳсулот, гўёки ҳозиргина даладан йиғиб олинганга ўхшайди. Бу қовунни нега «асал» деб аташаётганини шундан кейин тушундим. Мен дўстларимга ҳам ҳақиқий ўзбек қовунларидан ҳарид қилишни тавсия қиламан, чунки улар самовий лаззат бахш этади кишига.

— Мен Германияда оилам билан беш йилдан бери яшаяпман, аммо бугун биз биринчи марта бу ерда ўзбек қовунини татиб кўрдик, — дейди австралиялик дастурчи Ричард Уинслет. — Албатта, улар жуда мазали экан. Ўғлимга ҳам ўзбек қовунларининг таъми жуда ёқди. Тадбирда мамлакатингизга ташриф буюриш учун виза талаб қилинмаслигидан хабардор бўлдим. Шу боис кейинги таътилни оилам билан қуёшли Ўзбекистонда ўтказишимиз мумкин, деб режа қила бошладим.

— Электрон почтамда «Ледо» савдо тармоғининг ушбу филиалида ташкил этилаётган тадбир ҳақидаги хабарни ўқиган эдим, — дейди Волфганг Албрехт. — Менда бу воқеа қизиқиш уйғотди. Бугун бу ерга келиб адашмаганимга амин бўлдим. Тўғриси, ўзбек қовунларининг такрорланмас таъми мени ҳайратга солди. Аслида улар асал каби жуда ширин. Қовунларнинг ўзига хос хушбўй ҳиди ҳайратланарли даражада. Шунинг учун мен барча танишларимга асал таъмли ўзбек қовунларидан татиб кўришни ва завқланишни тавсия этдим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда «Ўзбек қовунлари куни» ўтказилди