Болалар пюреси ортидаги даҳшатли сир: гўдаклар шифохонага тушди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Исроилнинг Қуддус шаҳрида болалар учун мўлжалланган "Принок" брендидаги мевали пюрелардан кучли тинчлантирувчи дорилар топилиши ортидан 41 ёшли Ян Шемла гумонланиб, қўлга олинди.
- Ушбу маҳсулотни истеъмол қилган бир нечта бола уйқучанлик ва ҳолсизлик билан шифохонага ётқизилган, уларнинг қонидан бензодиазепинлар гуруҳига мансуб клоназепам ва лоразепам моддалари аниқланган.
Исроилнинг Қуддус шаҳрида гўдаклар учун мўлжалланган мевали пюре таркибидан кучли тинчлантирувчи дорилар аниқлангач, 41 ёшли эркак қўлга олинди. У маҳсулотларни атайлаб дори билан зарарлаганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар берди.
Воқеа июн ойида, Қуддусдаги “Зол ВеГадол” супермаркетлар тармоғининг икки филиалида сотилган “Принок” бренди остидаги болалар мевали пюрелари билан боғлиқ ҳолда фош бўлган. Бир нечта бола ушбу маҳсулотни истеъмол қилганидан сўнг ҳолсизланиб, уйқучанлик ва бошқа аломатлар билан шифохонага ётқизилган.
Шифокорлар болаларнинг қонидан бензодиазепинлар гуруҳига мансуб клоназепам ва лоразепам моддаларини аниқлаган. Кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлиги лаборатория текширувлари давомида айни моддалар айрим пюре идишларидан ҳам топилганини маълум қилган. Жами бешта маҳсулотда ушбу дорилар аниқланган.
Тергов давомида полиция жанубий Исроилда яшовчи 41 ёшли Ян Шемлани гумондор сифатида аниқлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, у супермаркетдаги пюре идишларини олиб, уларга дори моддаларини қўшган ва маҳсулотларни яна жавонларга қўйган бўлиши мумкин.
Полиция гумондорни аниқлаш учун юзлаб соатлик кузатув камераси ёзувларини таҳлил қилган. Кейинчалик Шемла яшайдиган манзил кузатувга олинган ва у ўз уйида қўлга олинган. Полиция томонидан эълон қилинган видеоларда унинг супермаркетдаги ҳаракатлари акс этган, бироқ дори моддасини идиш ичига солаётган жараённинг ўзи кўрсатилмаган.
Дастлабки терговда жиноятнинг мотиви аниқланмаган. Шунингдек, расмийлар ҳодисани террорчилик билан боғлаш учун асос йўқлигини билдирган. Айни пайтда иш бўйича тергов давом этмоқда. 10 сентябрь куни прокуратура Шемлага нисбатан айблов эълон қилишни режалаштираётгани маълум бўлди.
Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарни болалар учун озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётганда қадоқнинг бутунлиги ва очилмаганига эътибор беришга чақирган.






























Изоҳлар 0
…