12:15 / 02.03.2021
1 613

Саудия Арабистони коронавирусга қарши эмланган зиёратчиларга ҳаж учун рухсат беради

Саудия Арабистони коронавирусга қарши эмланган зиёратчиларга ҳаж учун рухсат беради
Фото: Reuters
Коронавирусга қарши эмланган зиёратчиларгина катта ва кичик ҳажда иштирок этиши мумкин бўлади. Бундай қарорни Саудия Арабистони ҳукумати қабул қилди, деб ёзади «ТАСС».

«Ҳаж зиёратида қатнашиш учун асосий шарт коронавирусга қарши эмланиш ҳисобланади», — дейилади мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Тавфиқ ар-Рабиа томонидан эълон қилинган баёнотда.

Бу йил муқаддас зиёратгоҳларга уюштириладиган катта ҳаж июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келади. Ўтган йили пандемия туфайли ҳаж бор-йўғи 10 минг киши иштирокида бўлиб ўтган, шуларнинг 30 фоизини саудияликлар, 70 фоизини мамлакатда истиқомат қиладиган чет элликлар ташкил қилган эди. Хориждан келувчи зиёратчилар ҳажга қўйилмаган.

Махсус рухсатномалар биринчи навбатда сурункали касалликлари бўлмаган, коронавирусга чалинмаган, аввал ҳаж зиёратига чиқмаган ва карантин муддатидан ўтишга тайёр бўлган 20—50 ёш оралиғидаги одамларга берилди. Улар орасида коронавирус билан касалланиб ўтган шифокорлар ҳам бўлган. Воқеаларни ёритмоқчи бўлган чет эллик журналистларга ҳам рухсат берилмаган.

Ўтган йил ноябридан Саудия Арабистони аста-секинлик билан 50 ёшдан катта бўлмаган зиёратчиларни манфий натижали ПЗР-тест билан Умра зиёрати учун киритишни бошлади.

Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида Саудия Арабистони подшоҳлигида жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган ва фақат иккита — Макка ҳамда Мадинадаги масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга рухсат берилганди. Бироқ кейинчалик коронавирус тарқалиши хавфи сабаб Ал-Ҳаром ва Набавий Масжидда ҳам намоз ўқиш тўхтатилган. 23 март куни Саудия Арабистонида комендантлик соати жорий этилган, 24 март куни мамлакатда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, мамлакатда аҳоли ҳамда хорижлик зиёратчилар учун Умра зиёратини амалга ошириш тадбирлари ҳам номаълум муддатга қолдирилганди.

7 апрелда Саудия Арабистони Рамазон ойида масжидларни очишни режалаштирмаётгани айтилган, 13 апрель куни Рамазон ойида Саудия Арабистонида таровеҳ намозлари уйда ўқилиши ҳақида фатво берилгани хабар қилинган, кейинчалик шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинди.

18 апрель куни Тожикистонда масжидлар яна ёпилгани, жума ва таровеҳ намозлари масжидларда ўқилмаслиги, ушбу чоралар коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Саудия Арабистонида комендантлик соати 21 июндан бекор қилинган, бироқ шунга қарамай, кўплаб чекловлар ўз кучида қолган.

Саудия Арабистони октябрь ойидан бошлаб мамлакатда яшовчи аҳолиси учун Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берган эди. Ва ўша ой ўрталарида мамлакат ҳукумати етти ой ичида биринчи марта Маккадаги Ал-Ҳаром масжидида намоз ўқилишига рухсат берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саудия Арабистони коронавирусга қарши эмланган зиёратчиларга ҳаж учун рухсат беради