08:33 / 28.04.2021
2 095

Хитой ОАВларига «Оскар»ни қўлга киритган режиссёр Хлоя Чжао ҳақида ёзиш тақиқлаб қўйилди


Хлоя Чжао
Фото: Getty Images

Хитой ижтимоий тармоқлари ва қидирув тизимлари режиссёр Хлоя Чжаонинг «Кўчманчилар юрти»  фильми «93-Оскар» маросимида ғолиб бўлгани ҳақидаги янгиликлар ва хабарларни ўз платформларидан ўчириб ташламоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Хитойда туғилган, аммо мактаб ёшида АҚШга кўчиб ўтган Хлой Чжао энг яхши режиссёр номинациясида «Оскар» ютган тарихдаги биринчи хитойлик аёл бўлди.

«Бироқ Хитой Коммунистик партиясининг тарғибот бўлими ОАВга Чжао ‘илгари эълон қилган баёнотлари’ туфайли унинг муваффақияти ҳақида хабар беришни тақиқлади», — деди маҳаллий ОАВ манбалари WSJ’га. Чжао 2013 йилда Filmmaker журналига берган интервьюси учун Хитой матбуотида танқид қилинган эди, интервьюда у Хитойда ҳар қадамда ёлғонни учратиш мумкинлигини айтганди.

WSJ хабарига кўра, ҳозирги вақтда Хитойнинг энг йирик қидирув платформалари Baidu ва Sogou’да режиссёр ҳақида фақат олдинги янгиликлар ёки «Оскар»ни ютгани ҳақидаги ўчирилган материалларга бир нечта ҳаволаларни учратиш мумкин. Шунингдек, Weibo, Wechat ва Zhihu ижтимоий тармоқларида фойдаланувчиларнинг Чжао ҳақидаги хабарлари ўчирилмоқда.

Хитойнинг йирик давлат ОАВ орасида фақат инглиз тилида нашр этиладиган Global Times («Хуаньцю шибао») газетаси Чжаонинг «Оскар» мукофотини қўлга киритгани ҳақида ёзган ва ўз мақоласида режиссёрни «ҳали янада улғайишга» ва «низолардан узоқ юришга» чақирган.

«Кўчманчилар юрти» фильми Америка ва Буюк Британия киноакадемиялари, «Олтин глобус» ва Венеция кинофестивалининг йирик мукофотларига сазовор бўлди. Хлоя Чжаонинг ўзи тарихда Кэтрин Бигелоудан кейин иккинчи бўлиб «Оскар» олган режиссёр аёл бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ОАВларига «Оскар»ни қўлга киритган режиссёр Хлоя Чжао ҳақида ёзиш тақиқлаб қўйилди