Блогерлар вайнларидаги ғояларни қаердан олишини айтди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бир неча блогер ва вайнчилар ўз видеоларининг ғояларини асосан шахсий ҳаётларидан, атроф-муҳитдаги ҳаётдан илҳомланишдан ёки жамоавий ижодий жараёндан олади.
- Зебо Рахимова, Дилшода Рустамжонова, Мўмин Иброҳимов ва Улуғбек ChatGPTдан фойдаланмасликларини, чунки бу сунъийликни келтириб чиқаришини ва ижодий жараёнга салбий таъсир кўрсатишини таъкидладилар.
Бир неча блогер ва вайнчилар Afisha'га берган интервюсида видеолари учун ғояларни қаердан олиши, сценарий ёзишда ChatGPTдан фойдаланиш-фойдаланмаслиги ҳақида гапирди.
Уларга “Мавзуларни қаердан оласиз? Одамларнинг ҳикоялари ва изоҳларини ўқийсизми, ҳаётни кузатасизми ёки кўпчилик мурожаат қилаётган ChatGPTдан фойдаланасизми?” дея савол берилди.
Актриса ва блогер Зебо Рахимова ChatGPT ёрдамида ёзилган сценарийларни ёқтирмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, бундай матнларда сунъийлик сезилади.
“ChatGPT қилиб берадиган сценарийларни ёмон кўраман. Кўпчиликда кўрганман, шундоқ сезилади — сунъийлиги бор, унда қалб йўқ. Бизда сценарийларни Умид ака ёзадилар. Тўлиқ уларга ишонганмиз, жуда зўр ҳазиллар ёзадилар”, деди Зебо Рахимова.
Дилшода Рустамжонова эса видеоларидаги ғояларни асосан шахсий ҳаётидан олишини таъкидлади.
“Фақат ўз ҳаётимдан олиб чиқаман. Ҳамма видеоларимнинг 15–20 фоизи шахсий ҳаётим билан боғлиқ. ChatGPTдан умуман фойдаланмайман”, деди у.
Mo'min Live жамоаси аъзоси Мўмин Иброҳимов ҳам ChatGPTдан фойдаланмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, жамоада 8–9 кишидан иборат ижодий гуруҳ шаклланган ва ғоялар биргаликда ишлаб чиқилади.
“Бизда умумий команда бор. Ҳаммамиз бир жойга ўтириб, атрофимиздаги ҳаётдан илҳомланамиз ва турли тасаввурий нарсаларни ўйлаб топишга ҳаракат қиламиз”, деди Мўмин Иброҳимов.
Mitti.me жамоаси аъзоси Улуғбек эса ижодкорлар ChatGPT ёзган матнни тезда пайқашини таъкидлади. Унинг айтишича, жамоа ғояларни ўзлари ишлаб чиқади ва бунинг учун ссенарист билан ҳамкорлик қилади.
“ChatGPTда ёзилганини ижодкорлар бир қарашда билади. Гап-сўзларнинг кетма-кетлигидан ҳам сезилади. Шунинг учун биз табиий илҳомланиб, умумий ғоя ва концепцияни ўзимиз ишлаб чиқамиз. Жамоамизда ссенарист бор, керак бўлса, қўшимча ссенаристларни ҳам жалб қиламиз”, деди Улуғбек.






























Изоҳлар 0
…