13:55 / 01.05.2021
2 691

Қўшнинг тинч, сен тинч — Мирзиёев қўшниларни ярашишга кўндирди


«Қўшнинг тинч, сен тинч», деган гап бор халқимизда. Топиб айтилган роса. Қўшнилар жанжал қилса, сеникида барака бўлармиди?

Минтақанинг яқин тарихида ҳали ҳеч қачон бунақаси бўлмаганди, ҳа, Тожикистонда фуқаролар уруши бўлди, тўғри, Афғонистон қирқ йилдирки уруш оловида. Лекин юз йилларки Марказий Осиёда бир давлат иккинчисининг уйига ҳали ҳужум қилмаганди (собиқ иттифоқ афғон ерига бостириб киргани ҳисобмас). Шу кунларни ҳам кўрдик мана. Бошқа кўрмайлик.

Икки қўшни орасидан ола мушук ўтганда энг муҳим жиҳат — уларни яраштириб қўя оладиган учинчи қўшнининг борлигидир. Албатта у шунга яраша обрў-эътиборга эга бўлиши ҳам керак. Афсуски, кўрганмиз, дунё тарихида бундай қўшни ҳар доим ҳам топилавермайди. Қанча қирғинбаротлар бўлдию...

Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келганда ташқи сиёсатда эътиборни энг аввало қардош давлатлар билан муносабатни яхшилашга қаратган эди. Қисқа давр ичида бунинг самарасини кўп бора, шунингдек, 29 апрелда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида юзага келган қонли можаро вақтида ҳам кўрдик.

Ўша куни Мирзиёев Туркманистонда эди (Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси вафот қилганди, таъзияга бориб келди. Бу ҳам бўлса яхши қўшничилик йўлида). Президент ўша куннинг ўзида Тошкентга қайтиб келди ва қўшнилар ерида бошланган уруш оловини ўчириш учун сўздан амалий ишга ўтди.

«Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги можарога биринчи бўлиб ҳар икки давлат билан чегарадош бўлган Ўзбекистон муносабат билдирди. Президент Мирзиёев дарҳол Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот ўтказди», — деб ёзади нуфузи жиҳатидан Европада ва жаҳонда етакчи ўринларда турадиган Deutsche Welle нашри.

Ҳозирча бу суҳбатлар тафсилотини на Deutsche Welle ва на бошқа нашр билса керак. Аммо самарасини бутун дунё кўрди. Хусусан, Европа Иттифоқи икки давлат ўртасида ўрнатилган келишувни олқишлашини билдирди. Биз ҳам олқишлаймиз. Ва шу билан бирга айтадиган яна икки оғиз гапимиз бор.

Бу можаро бутун минтақа учун дўстона муносабат қай даражада муҳим эканини кўрсатиб қўйди. Мирзиёев тўғри йўлда эканини ҳам. Давлат раҳбари деярли ҳар ҳафта телефон орқали бўлсин, қайсидир қўшни билан нимадир масалада гаплашиб туради. Садир Жапаров яқинда Тошкентга ҳам келиб кетганди.

Йўқса, қон қайнаб турганда кимнингдир гапини олиш осонми?

Тинчлик бўлсин ҳар доим. Ҳеч кимни йўлидан адаштирмасин...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қўшнинг тинч, сен тинч — Мирзиёев қўшниларни ярашишга кўндирди