17:15 / 10.06.2021
4 969

АҚШ матбуоти Россиянинг янги суперқуроли ҳақида ёзди


Фото: РИА «Новости»
Россиянинг «Дрель» деб аталган бомбаси яқин келажакда суперқуролга айланиши мумкин, деб ёзади АҚШнинг «The National Interest» нашри шарҳловчиси Питер Сучиу.

Глобал сунъий йўлдош навигация тизими орқали бошқариладиган ушбу қурол рақиб бронетехникаси, радиолокация станциялари, муҳандислик иншоотлари, ҳаракатдаги объектлар ва бошқа иншоотларни йўқ қилишга мўлжалланган. 500 кило вазндаги бомба 30-50 км радиусдаги нишонга йўналтирилади.

«The National Interest» шарҳловчисига кўра, «Дрель» (илмий истилоҳда  – ПБК-500У СПБЭ-К) рақиб радиоэлектрон тизимини аниқлаш мосламасига эга, бу эса уни радар орқали кузатишни қийинлаштиради. Бомба Ту-22М, Су-24, Су-57 каби самолётлар орқали ташилади.
«Технодинамика» холдинги раҳбари Игорь Насенков «Дрель» синови 2022 йил якунланиши ва 2023 йилдан ишлаб чиқарила бошлашини маълум қилган.

«Дунёда бунинг муқобили йўқ. Двигателсиз бомба. Ташувчи самолётдан чиқарилгач у 30 км масофани босиб ўта олади. Яъни самолётнинг рақиб ҳарбий ҳаво мудофаа зонасига киришига ҳожат йўқ. Чунки у нишонни мустақил ҳолда топади», – дейди  «Базальт» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари Владимир Порхачёв.

Аслида, «Дрель» бомбаси устидаги тадқиқотлар 1990-йилларда бошланган. Аммо маблағ етишмовчилиги сабаб бир муддат тўхтаб қолган. 2015 йилда эса қуролнинг илк варианти тақдим этилган. «The National Interest» нашрига кўра, ажал ёғдирувчи қуролнинг кенг миқёсда ишлаб чиқариш бироз чўзилганининг ўзига хос сабаби бор: Россия бомбани аввало Сурияда синаб кўришни режалаштирган эди.

Россия матбуоти «Дрель» бомбаси АҚШнинг шу турдаги қуролидан аниқроқ ишлашини даъво қилди. Қайд этилишича, рус бомбасининг нишондан оғиб кетиш эҳтимоли 3-5 метрни ташкил этади. АҚШнинг муқобил қуролида эса бу кўрсаткич 10-15 метрга тенг.

Техника фанлари доктори, қурол-аслаҳа конструктори Дмитрий Корнев ПБК-500У СПБЭ-Книнг самарадорлиги юқори, аммо ишлаб чиқариш харажати кам эканига эътибор қаратган. Россия қуроли 20 минг долларга тушади, АҚШники эса беш баравар қиммат.

«Military Russia» портали асосчиси Дмитрий Корневга кўра, ҳозир гарчи юқори аниқликда ҳаракатланувчи қанотли ракеталар пайдо бўлган эса-да, замонавий урушларда авиация бомбалари ҳамон муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунки авиабомбалар қанотли ракеталарга қиёслаганда жуда арзон саналади. Қанотли ракеталар 500 минг доллардан бир миллион долларгача туради. Бир неча ўн баробар арзон «Дрель» типидаги авиабомбалар эса армия харажатларини тежашга кўмак беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ матбуоти Россиянинг янги суперқуроли ҳақида ёзди