15:11 / 10.07.2021
5 028

Лавров Россия қайси ҳолларда афғон урушига аралашиши мумкинлигини айтди


Россия толибларнинг жанговар ҳаракатлари Афғонистон ҳудудида давом этган тақдирда бу урушга аралашмайди, аммо тўқнашувларнинг Тожикистонга ўтиши эҳтимолидан хавотирда, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

"Толиблар Эрон, Тожикистон  билан чегаралардаги постларни эгаллади – бу ҳозирча Афғонистон ҳудудида содир бўлмоқда, биз сиёсий жараёнларга чақиришдан бошқа ҳеч қандай чора кўрмаймиз", – деди у.

Ҳозирда Афғонистон ҳудудини ўз назорати остига олаётган ҳаракат вакиллари Москвада музокаралар ўтказмоқда. Кремль айни вақтда бу музокаралар муҳим эканлигини қайд этди.

"Афғонистон ҳудудида содир бўлаётган воқеалар иттифоқчиларимиз ҳудудига кўчиб ўтиши нуқтаи назаридан бизни ташвишлантирмоқда", – деб қўшиб қўйди Лавров.

Аввалроқ Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Толибон” вакиллари билан ўтган учрашувда Россия Афғонистон шимолида вазият кескинлашганидан хавотир билдираётганини ва ушбу ҳолат мамлакат ташқарисига чиқиб кетишига йўл қўймасликка чақиришини айтганди.

Бунга жавобан “Толибон” ҳаракати Афғонистондан Россия ва Марказий Осиёдаги бошқа қўшни давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслигини маълум қилган. Шунингдек, ҳаракат Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарага ҳужум қилмасликка ваъда берган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лавров Россия қайси ҳолларда афғон урушига аралашиши мумкинлигини айтди