17:35 / 05.08.2021
2 560

Олимлар COVID-19’га қарши вакциналарнинг самарадорлиги пасайганини маълум қилди


Фото: AP Photo
COVID-19’га қарши эмлаш кампаниясини тадқиқ қилиб бораётган бир гуруҳ британиялик олимлар тез орада дельта («ҳиндча») штаммнинг юқори интенсивлигига қарши курашадиган вакциналар зарур бўлиши мумкинлигини аниқлади.

Олимларнинг фикрича, эмланмаган одамлар, айниқса, 12 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар ва айрим эмланган британияликлар орасида дельта штаммнинг авж олиши қиролликда коронавируснинг учинчи тўлқинини келтириб чиқарган. Тадқиқотчилар ҳаммаси бўлиб 98 минг кишидан намуналар олган.

Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир ой аввал 64 фоиз бўлган вакцина самарадорлиги эндиликда 49 фоизгача пасайган. Шу билан бирга, вакцинанинг COVID-19 аломатларидан ҳимоя қилиш қобилияти ўтган ойда 83 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир 59 фоизни ташкил этмоқда.

Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, дельта штаммга қарши янги вакциналарни яратиш штамм мутацияга учрагани, мавжуд вакциналарни олган беморларда ишлаб чиқилган антитаналар самарадорлиги пасайгани ҳақидаги далиллар асосида оқланиши мумкин.

Бироқ олимларнинг фикрича, ҳозирги вакциналар ҳали ҳам нисбатан юқори даражада ҳимоя қилади. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тўлиқ эмланган одамларда дельта штаммга чалиниш эҳтимоли эмланмаганларга қараганда уч баравар кам бўлган ва уларда COVID-19 аломатлари ҳам камроқ кузатилган.

Олимларнинг таъкидлашича, тўлиқ эмланган одамларнинг қайта касалланиши вакцинация даражаси юқори бўлган мамлакатларда тобора жиддий муаммога айланмоқда. Тадқиқотда қайд этилишича, Буюк Британияда коронавируснинг учинчи тўлқини мобайнида кўплаб болалар ва ёшлар инфекцияга чалинди: тестдан ижобий натижаларнинг қарийб ярми 5 ёшдан 24 ёшгача бўлган британияликларда қайд этилган, ушбу ёш тоифаси қироллик аҳолисининг чорак қисмини ташкил қилади.

Олимларнинг фикрича, бу маълумотлар вояга етмаганларни эмлаш зарурлигидан далолат беради. Таъкидланишича, агар 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёшлар эмланса, бу «ижтимоий аралашув даражаси» ошадиган куз фаслида вируснинг тарқалиш тезлигини сезиларли даражада камайтиради.

Аввалроқ британиялик олимлар ўлим даражаси 35 фоиз бўлган янги коронавирус штамми пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Уларнинг сўзларига кўра, вакцинанинг қўшимча дозалари билан эмлаш, шунингдек, коронавирус тарқалиши ва чет элдан янги штаммларнинг кириб келиши хавфини минималлаштириш йўли билан ушбу сценарийнинг олдини олиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар COVID-19’га қарши вакциналарнинг самарадорлиги пасайганини маълум қилди