Уйида ўлик ҳолда топилган актёрнинг севгилиси кўрсатмасини ўзгартирди

Туркиянинг таниқли актёри Серҳат Қилич 5 сентябрь куни Истанбулнинг Кағитхона туманидаги уйида ўлик ҳолда топилди. Унинг 8 йилдан бери бирга яшаб келган севгилиси Ўзлем Эсмергул полиция ва прокуратурага берган кўрсатмаларида актёрнинг гиёҳванд моддалар ва алкогол истеъмоли ҳақида турлича маълумот берган. Бу ҳақда Demirören Haber Ajansı ва Habertürk хабар берди.
Қайд этилишича, Эсмергул дастлаб полицияга берган баёнотида Серҳат Қиличда гиёҳванд моддалар ёки алкоголга қарамлик бўлмаганини айтган. Бироқ прокуратурадаги кўрсатмасида у актёр гиёҳванд моддалар ва алкогол истеъмол қилганини билдирган.
“Уни таниганимдан бери гиёҳванд моддалар ва алкогол истеъмол қилганини биламан. Билишимча, сўнгги олти ой давомида кокаин ҳам истеъмол қилган. Унинг душманлари йўқ эди”, деган Эсмергул.
Эсмергулнинг айтишича, у Қилични саккиз йилдан бери таниган. У актёр билан охирги марта воқеадан икки кун олдин, 3 сентябрь куни телефон орқали гаплашган. Суҳбат давомида Қилич соғлиғи жуда ёмонлашгани, шу сабабли суратга олиш майдонига бора олмаётгани ва сериалдан четлатилгани ҳақида гапирган.
Актёр шунингдек, соғлиғи сабабли Эсмергул ҳамда суратга олиш майдонидаги айрим ҳамкасблари билан тортишиб қолганини билдирган. Шундан сўнг у телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. Эсмергул эса Қилич ранжиган инсонлари билан баъзан 5-6 кун гаплашмай юришини билгани учун дастлаб бундан жиддий шубҳаланмаганини айтган.
Эсмергулнинг сўзларига кўра, у 5 сентябрь куни актёрнинг олдига боришга қарор қилган. Хонадонга захира калит ёрдамида кирганида пол устида синган тарелка бўлакларини кўрган. Уй ичкариси жуда совуқ бўлган ва кондиционер ишлаб турган.

У Қиличга қўл теккизганида актёрнинг танаси қотиб қолганини сезган. Шундан сўнг унинг вафот этганини англаб, полицияга хабар берган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт ходимлари етиб келиб, актёрнинг вафот этганини тасдиқлаган.
Эсмергул, шунингдек, Қилич сўнгги вақтларда Истанбулдаги хусусий шифохоналардан бирида бўйин чурраси сабаб даволанганини айтган. Унинг сўзларига кўра, актёр айнан шу соғлиқ муаммоси туфайли суратга олиш майдонига бора олмаган ва бўйинбоғ тақиб юрган.
Тергов доирасида ҳодиса жойини кўздан кечириш бўйича тайёрланган баённома ҳам жамоатчиликка маълум бўлган. Унда Қилич яшаган мажмуа кириш қисмида қўриқчи ва кузатув камералари мавжудлиги, бинога кириш-чиқиш назорат қилиниши қайд этилган.
Шунингдек, хонадоннинг темир эшигида бузиб кирилганлик аломатлари аниқланмаган. Йўлак ва меҳмонхонага кириш қисмида бир хил ранг ва нақшдаги тарелка бўлаклари топилган.

Ҳодиса жойидан гумон қилинаётган моддалар ҳам аниқланган. Меҳмонхонадаги металл қути ичидан гиёҳванд модда бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган яшил рангли ўсимликсимон модда ва сигарет ўраш учун ишлатиладиган қоғоз топилган.
Бундан ташқари, китоб жавони олдидаги матоли чемодан ичидан ҳам қора қисқичли пакетда яшил рангли ўсимликсимон модда аниқланган. Чемодандан уч дона 200 турк лирасидан иборат банкнота ҳам топилган бўлиб, улар найча шаклида ўралгани ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда фойдаланилган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Серҳат Қиличнинг ўлими юзасидан тергов давом этмоқда. Актёрнинг ўлимининг аниқ сабаби бўйича якуний хулоса ҳозирча эълон қилинмаган.






























Изоҳлар 0
…