Ўлик ҳолда топилган актёр: севгилисининг гаплари шубҳа уйғотди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Машҳур турк актёри Серҳат Мустафо Қилич 5 сентябр куни Истанбулдаги уйида ўлик ҳолда топилди.
- Унинг севгилиси Ўзлем Эсмергул дастлаб полицияга берган баёнотидан фарқли равишда, прокуратурага актёрнинг гиёҳванд моддалар ва алкогол истеъмол қилганини тан олди.
- Эсмергулнинг сўзларига кўра, Қилич соғлиғи ёмонлашгани сабабли сериалдаги ролидан четлатилган ва охирги вақтларда бўйин умуртқаси чурраси билан даволанган.
Турк кино ва театрининг таниқли вакилларидан бири, машҳур актёр Серҳат Мустафо Қилич жорий йилнинг 5 сентябрь куни Истанбулдаги уйида ўлик ҳолда топилган эди. Унинг севгилиси Ўзлем Эсмергул прокуратурага берган кўрсатмасида полициядаги баёнотидан фарқли маълумотларни айтиб, Қилич гиёҳванд моддалар ва алкоголь истеъмол қилганини тан олди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Қайд этилишича, Эсмергул полициядаги кўрсатмасида Қиличда гиёҳванд моддалар ва алкогольга қарамлик бўлмаганини билдирган. Бироқ прокуратурага берган кўрсатмасида актёр гиёҳванд моддалар ва алкоголь истеъмол қилганини айтган.
“Уни таниганимдан бери гиёҳванд моддалар ва алкоголь истеъмол қилганини биламан. Билишимча, сўнгги 6 ой давомида у кокаин ҳам истеъмол қилган. Унинг душманлари йўқ эди”, деган Эсмергул.
У Қилични 8 йилдан бери билишини, у билан охирги марта 3 сентябрь куни, воқеадан икки кун олдин телефон орқали гаплашганини айтган. Унинг сўзларига кўра, актёр соғлиғи сабаб суратга олиш майдонига бора олмагани учун иштирок этаётган сериалида ишлашдан четлатилган.
Эсмергулнинг айтишича, Қилич соғлиғи жуда ёмон аҳволда эканини билдирган. У суратга олишда қатнашолмагани учун Эсмергул ва майдондаги дўстлари билан жанжаллашган. Кейинчалик актёр қўнғироқларга жавоб бермай қўйган. Бироқ Эсмергул унинг феъл-атворига кўра, ранжиган одамлари билан баъзан 5–6 кун гаплашмаслигини айтгани учун дастлаб бундан шубҳаланмаган.
Эсмергулнинг сўзларига кўра, у 7 сентябрь куни Қиличнинг олдига бориб, ҳолидан хабар олишга қарор қилган. Хонадонга захира калит ёрдамида кирганида, полда синган тарелка бўлаклари сочилиб ётганини, уй ичи жуда совуқ ва кондиционер ёқилганини кўрган. Қиличга қўл теккизганида унинг танаси қотиб қолганини сезиб, полицияга хабар берган.
Шунингдек, Эсмергул Қилич сўнгги вақтларда Истанбулнинг Шишли туманидаги хусусий шифохонада бўйин умуртқаси чурраси сабаб даволанганини маълум қилган. Актёр шу касаллиги туфайли ишга бора олмаган ва бўйин боғич тақиб юрган.
Тергов доирасида Истанбул полиция бошқармасининг ҳодиса жойини кўздан кечириш бўлими ходимлари тайёрлаган баённома ҳам маълум бўлди. Унда хонадон жойлашган мажмуада қўриқчи ва кузатув камералари борлиги, кириш-чиқиш назорат қилиниши қайд этилган. Хонадоннинг темир эшигида бузиб кирилганлик излари аниқланмаган, йўлак ва меҳмонхонага кириш қисмида эса бир хил ранг ва нақшдаги тарелка бўлаклари топилган.
Меҳмонхонадаги ёғоч журнал столида турган металл қутидан гиёҳванд модда деб тахмин қилинаётган яшил ўсимликсимон модда топилган. Пакет ичидан сигарет ўраш қоғози, матоли чемодандан эса қора қисқичли пакетда шунга ўхшаш модда аниқланган.
Чемодандан 200 турк лирасидан иборат 3 дона банкнота ҳам топилган. Улар найча шаклида ўралган бўлиб, баённомада гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда фойдаланилган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Айни вақтда Серҳат Мустафо Қиличнинг ўлими юзасидан тергов давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…