16:39 / 30.08.2021
2 624

«Толибон» ўзига бўйсунмаётган Панжшер вилоятини интернетдан узиб қўйди

«Толибон» ўзига бўйсунмаётган Панжшер вилоятини интернетдан узиб қўйди
Фото: Getty Images
«Толибон» Панжшер вилояти аҳолиси учун интернетни узиб қўйди. Бу ҳақда ҳудуддаги манбага таяниб, Raha Press ва «ТАСС» хабар берди. Панжшер Афғонистонда «Толибон» назоратига ўтмаган ягона ҳудуд.

Raha Press хабарига кўра, Панжшерда SIM ва Etisalat операторларининг SIM-карталари ишламай қолган. «ТАСС» суҳбатдошининг айтишича, мобил интернет қисман блокланган, бироқ вилоят умуммиллий телекоммуникация тизимидан узиб қўйилган.

«‘Толибон’ алоқа хизматларини кўрсатувчи барча компанияларга босим ўтказиб, уларни Панжшер вилоятига сигнал узатишни тўхтатишга мажбур қилди. Аҳоли 24 соатдан бери алоқа хизматларидан фойдалана олмаяпти», — деди «Толибон»га қарши миллий қаршилик фронтига яқин манба «Интерфакс»га.

«Фронт ҳарбийларининг ўз алоқа тизимлари бор, уларнинг (‘Толибон’) ҳаракатлари бизга таъсир қилмайди», — деди қаршилик кучлари вакили. «Барча интернет ва телекоммуникация хизматларининг узилиши халқаро меъёрларга зиддир, бундан биринчи навбатда минтақанинг тинч аҳолиси азият чекмоқда».

«ТАСС» манбасининг таъкидлашича, Панжшердаги гуманитар вазият ҳозирча барқарор, лекин «Толибон» вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштиришга интилмоқда. «Улар давлат электр энергияси таъминоти тизимига киришни тўсиб қўймоқда, лекин ҳарқалай маҳаллий дарёлар ишлаб чиқарадиган электр энергияси ҳозирча бу ерга етиб турибди», — қўшимча қилди манба.

Унга кўра, «Толибон» вақти-вақти билан минтақага олиб борадиган йўлларни ёпиб қўймоқда. Агентлик суҳбатдоши жангарилар озиқ-овқат ва ёқилғи таъминотини тўсиб қўйишидан хавотир билдирди.

Аввалроқ «Толибон» вакиллари ва Панжшердаги қаршилик кучлари бир-бирига ҳужум қилмасликка келишиб олганди. Панжшердаги қаршилик кучларига Панжшер арслони лақабини олган дала қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд раҳбарлик қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» ўзига бўйсунмаётган Панжшер вилоятини интернетдан узиб қўйди