16:00 / 10.10.2021
1 688

Бутун Ливан чироқсиз қолди. Электр станцияларида ёнилғи тугади

Бутун Ливан чироқсиз қолди. Электр станцияларида ёнилғи тугади
Фото: AP Photo
Ливанда марказлашган электр энергияси таъминоти тўхтатилди. Мамлакатнинг иккита энг йирик электр станциялари — Дейр-Аммар ва Ал-Захраний ёнилғи етишмаслиги сабабли ўз ишини тўхтатди, натижада бутун мамлакат электрдан узилиб қолди, деб ёзади «РБК».

Маҳаллий LBC телеканали маълумотларига кўра, Ливан «қоронғиликка чўмган». Муаммони Électricité du Liban давлат компанияси ҳал қилишга уринмоқда. Reuters маҳаллий ҳукумат вакилига таяниб хабар қилишича, мамлакат бир неча кун давомида чироқсиз қолиши мумкин.

Ҳукумат электр станциялари учун ҳарбийлар захираларидаги ёнилғини ишлатмоқчи, аммо у қачон қўлга киритилиши ҳозирча номаълум. Аҳолининг кўпчилигида чироқсиз қолмаслик имконини берувчи дизелли генераторлар бор, аммо улар учун ёнилғи ҳам танқисдир.

Électricité du Liban сентябрдаёқ электр токини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган мазут (нефть қолдиғи) захиралари тугаш арафасида бўлгани туфайли, мамлакат бутунлай электрсиз қолиши хавфи ҳақида огоҳлантирган эди. Баъзи заводларда ушбу захиралар тўлиқ ишлатиб бўлинган.

Чироқсиз қолган Байрут шундай кўринишда. Ҳали ёритилиб турган бинолар ва денгиз порти хусусий электр генераторлардан куч олади.

17 август куни БМТ Ливанга потенциал «гуманитар ҳалокат» олдини олиш учун зудлик билан ёнилғи ва электр энергияси зарурлигини маълум қилганди. Мамлакатда гуманитар масалалар бўйича БМТ кординатори Нажот Рушдий ёнилғи танқислиги соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳасидаги асосий хизматларни тўхтатиб қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Таъкидланишича, COVID-19 нинг янги тўлқини фонида август охири ҳолатига кўра, COVID-беморлар учун интенсив даволаш бўлимларидаги ўринларнинг чорак қисми тўлган, уларнинг аксарияти сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган.

Ливан ўткир иқтисодий инқирозни бошидан кечирмоқда, у 1850 йиллардан буён дунё тарихидаги энг жиддийларидан бири деб аталмоқда. 2019 йилдан буён маҳаллий валюта курси 90 фоизга пасайиб кетди. Вазиятни чет элдан ёнилғи етказишдаги узилишлар ҳамда бензин ва дизель нархининг ўсиши чуқурлаштирмоқда. Мамлакатда нафақат ёнилғи, балки дорилар ва энг зарур буюмлар ҳам етишмаяпти. Айни пайтда мамлакат ичидаги сиёсий келишмовчиликлар ҳукуматни шакллантиришга қаратилган уринишларга халал берди, ҳукумат халқаро молия муассасалари билан кўмак ҳақида музокаралар олиб бориши мумкин эди. Ливаннинг янги ҳукумати 10 сентябрь куни шакллантирилди.

Шундай бир вазиятда «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати хусусий тартибда Эрондан нефть маҳсулотларини сотиб олишга тайёрлигини билдирди. 16 сентябрь куни Эрон дизель ёнилғиси ортилган автоцистерналар карвони Суриядан Ливанга кирди. Ёнилғи етказиб берилиши АҚШ санкцияларига зид бўлиб, улар Америка собиқ президенти Дональд Трамп 2018 йилда мамлакатни Эрон билан ядро битимидан олиб чиққанидан кейин Теҳронга қарши киритилган эди.

Сентябрда Миср, Иордания, Сурия ва Ливан энергетика вазирлари Миср табиий газини Сурия ҳудуди орқали Ливанга етказиб бериш режасини келишиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бутун Ливан чироқсиз қолди. Электр станцияларида ёнилғи тугади