Хитойда 19 кишилик электр самолёти илк синов парвозини амалга оширди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойнинг КОМАК компанияси томонидан ишлаб чиқилган СЕ-25A электр самолёти 14 ноябр куни икки учувчи ва бир синов муҳандиси иштирокида ўзининг илк экипажли синов парвозини муваффақиятли бажарди.
- Шандун провинсиясида ўтказилган 16 дақиқа 38 сониялик парвоз давомида ҳаво кемаси 60,4 километр масофани босиб ўтди.
Хитойнинг COMAC компанияси томонидан ишлаб чиқилган CE-25A электр самолёти 14 ноябрь куни илк бор экипаж билан ҳавога кўтарилди. Синов парвози давомида самолёт бортида икки нафар учувчи ва бир нафар синов муҳандиси бўлган. Бу ҳақда China Daily хабар берди.
Шаньдун провинциясининг Биньчжоу шаҳрида амалга оширилган парвоз 16 дақиқа 38 сония давом этган. Бу вақт ичида самолёт 60,4 километр масофани босиб ўтган. Ердаги тайёргарлик ва бошқа операциялар билан бирга синов жараёни 57 дақиқа 46 сония давом этган. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, самолёт барқарор ишлаган ва барча синов кўрсаткичлари кутилган натижаларга мос келган.
CE-25A Хитойда ишлаб чиқилган биринчи электр тижорат самолёти бўлиб, асосан шаҳарлар ўртасидаги қисқа масофали парвозлар учун мўлжалланган. У 19 нафар йўловчини ташишга қодир, максимал учиш оғирлиги эса 10 тоннани ташкил этади. Самолёт соатига 300 километр тезликда ҳаракатланиши, 2 400 метр баландликда учиши ва бир қувват билан 400 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.
Самолётнинг ҳар бир қанотига бештадан, жами 10 та электр вентиляторли двигател ўрнатилган. Лойиҳа COMAC, аккумулятор ишлаб чиқарувчи CATL, Шанхай транспорт университети ва бошқа ҳамкорлар иштирокида амалга оширилган.
CE-25A илк экипажли парвозидан олдин ҳам синовлардан ўтган. У 2026 йил 2 февралда биринчи марта учувчисиз автоном парвозни амалга оширган ва кейинчалик яна 19 та учувчисиз синов парвозида иштирок этган.
Ҳозирда Хитой Фуқаро авиацияси бошқармаси самолётни тур сертификатидан ўтказиш учун берилган аризани қабул қилган. Бироқ унинг тижорат парвозларини қачон бошлаши ҳозирча маълум эмас.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…