Боланинг сочини тез-тез кал қилиш уни қалинлаштирадими?

Боланинг сочини тез-тез кал қилиш уни қалинлаштирадими?

Кўп ота-оналар боласининг сочи қалин ва мустаҳкам ўсишини истаб, уни бир неча марта кал қилиб олдиради. Айримлар бу усулни йиллар давомида синаб кўради. Аммо тиббий тадқиқотлар бу одат сочни қалинлаштиришини тасдиқламайди.

Сочни кал қилиш — уни қалинлаштиришнинг усули эмас. Сочнинг қалинлиги, ранги ва ўсиш тезлиги асосан ирсият, гормонлар ҳамда соч фолликулаларининг хусусиятларига боғлиқ. Сочни қирқиш ёки устарада олиш эса тери остида жойлашган фолликулаларга таъсир қилмайди. Бу ҳақда Mayo Clinic тиббий мутахассислари ҳам маълумот берган.

Унда нима учун соч қалинроқ кўринади?

Бунинг оддий изоҳи бор. Соч қирқилганда унинг учи текис бўлиб қолади. Қайта ўсиш жараёнида қисқа сочлар қўлга дағалроқ сезилиши ва кўзга қалинроқ кўриниши мумкин. Аммо бу соч толаларининг ҳақиқатан ҳам йўғонлашганини англатмайди.

Боланинг сочи қалин ўсиши учун нима қилиш керак?

Боланинг сочи соғлом ўсиши учун мувозанатли овқатланиш, етарли оқсил ва зарур озуқа моддаларини олиш, бош терисини тоза сақлаш муҳим. Сочни тез-тез кал қилиш шарт эмас. Агар боланинг сочи сезиларли даражада тўкилса, айрим жойлари очилиб қолса ёки бош терисида ўзгаришлар кузатилса, педиатр ёки дерматологга мурожаат қилиш керак.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар