Тошкент каналида Нил тимсоҳи топилди

Тошкентдаги каналлардан бирида кутилмаганда Нил тимсоҳи аниқланди. Совуқ сувда узоқ вақт қолиб кетган жонивор оғир аҳволда Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди. Бу ҳақда зоопарк маъмурияти хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 ноябрь куни балиқчилардан бири шаҳар каналларидан бирида тимсоҳни кўриб қолган ва бу ҳақда тегишли хизматларга хабар берган. Шундан сўнг Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда ҳайвонот боғи ходимлари жониворни хавфсиз тарзда тутиб, зоопаркка етказган.
Мутахассислар текшируви натижасида унинг тахминан бир ёшгача бўлган Нил тимсоҳи экани аниқланган. Ҳайвон кучли совқотгани сабабли карантин бўлимига жойлаштирилган. Унинг тикланиши учун махсус сув ҳавзаси тайёрланиб, сув ҳарорати аста-секин кўтарилган ва иситиш чироқлари ўрнатилган.
Зоопарк мутахассисларининг айтишича, зарур шароитлар яратилганидан кейин тимсоҳнинг аҳволи бироз яхшиланган. Ҳозирда унинг ҳолати ўртача қониқарли деб баҳоланмоқда. Бироқ тўлиқ тикланиши учун ҳали вақт талаб этилади.
Мутахассислар тимсоҳ каналга тасодифан тушиб қолмаган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмаяпти. У аввал кимнингдир хонадонида сақланган, кейин эса боқиш имкони бўлмагани учун сувга ташлаб юборилган бўлиши тахмин қилинмоқда. Аммо бу ҳозирча тасдиқланмаган.
Ҳодиса жойи ҳам кўздан кечирилган ва яқин атрофда бошқа судралиб юрувчилар топилмаган.
Ҳайвонот боғи маъмурияти фуқароларни бундай ҳолатларда эҳтиёт бўлишга чақирди. Агар табиий муҳитига хос бўлмаган жойда экзотик ҳайвон учраса, уни мустақил тутиш ёки ҳайдашга уринмасдан, тегишли хизматларга хабар бериш тавсия этилди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…