Ўзбекистонда 2023 йилда ҳар бир вилоятда ўртача 250-300 гектардан намунавий боғ-токзорлар барпо этилади. Бу ҳақда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази директори ўринбосари Шерзод Миркомилов маълум қилди.
Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни иқтисодий ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш режалаштирилган:
2023 йил ҳосили учун асосий майдонлари 3,2 млн гектар;
- такрорий майдонлари 783 минг гектар;
- боғ-ток қатор оралари 140 минг гектар;
- дала четлари 34,6 минг гектар;
- лалми ерлар 373 минг гектар.
2023 йил 15 апрелдан бошлаб эксперимент тариқасида халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ҳузуридаги “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси орқали ташаббускорларга лойиҳаларини молиялаштиришнинг қуйидаги янги тизими жорий этилмоқда.
Ташаббускорлар томонидан ишлаб чиқилган мева-сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, логистика қувватларини яратиш, шунингдек, етиштирилган махдулотларни харид қилиш ҳамда махсус техникаларни, жумладан озиқ-овқат саноатидаги технологияларни харид қилиш юналишидаги лойиҳалар Агентликнинг тумандаги лойиҳа офисларига такдим этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ягона электрон ахборот платформаси орқали “Агросервис оператор” корхонасига етказилади.
Бунда агентлик “Агросервис оператор” ДУК билан биргаликда белгиланган тартибда лойиҳаларни шакллантиради ҳамда Озиқ-овқат ва қишлок, хужалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказига тақдим этади. Озиқ-овқат ва қишлок, хужалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази белгиланган тартибда лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил этади.
“Агросервис оператор” ДУК мазкур маблағлар ҳисобидан интенсив боғ ва токзорлар, агрологистика обектларини ҳамда технологик линияларни (замонавий иссиқхоналар; лабораториялар, кичик агрологистика марказлари, қайта ишлаш қувватлари), озиқ-овқат саноатидаги линияларни қуриб, тайёр ҳолда ташаббускорларга лизинг асосида топширади. Бунда лизинг тўлови 10 фоизи олдиндан тўлаш, 10 фоизи ташаббускорлар улуши, 80 фоизи 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан амалга оширилади.
Мазкур тартиб доирасида ажратиладиган маблағлар:
- миллий валютада 14 фоиз ставкада ажратилади. Бунда АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўмининг валюта курси тебранишлари туфайли юзага келадиган харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан қопланади;
- хорижий валютада жалб қилинган фоиз ставкасига бир фоизлик пункт қўшилган ҳолда тақдим этилади.
2023 йил 1 июнга қадар пахта, ғалла, мева-сабзавотлар етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш жараёнлари рақамлаштирилади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга шаффофлик тамойилида хизмат кўрсатиш учун “Агроплатформа” ахборот тизими жорий этилади.
2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи товарларнинг чакана савдо обектларида харидини амалга оширганда харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган ҚҚС суммаси қайтарилади.
Вазирлик мазкур чора-тадбирларни молиялаштириш учун Жаҳон банкнинг “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида жалб қилинган 130 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтиради. Ушбу тизим орқали молиялаштириладиган лойиҳалар тижорат банклари иштирокисиз амалга оширилади ҳамда гаров таъминоти талаб этилмайди. Вазирлик ҳузурида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини таҳлил қилиш маркази ташкил этилади. 2023 йил ҳар бир вилоятда ўртача 250-300 гектардан намунавий боғ-токзорлар барпо этилади.