date

Марокашга сайёҳлар оқими ортиб, янги рекорд ўрнатилди

Марокашга сайёҳлар оқими ортиб, янги рекорд ўрнатилди
Сўнгги йилларда туризм соҳасида жиддий ислоҳотлар ва кенг кўламли ташвиқот ишларини олиб бораётган Марокаш 2025 йилнинг май ойига қадар 7,2 миллион сайёҳни қабул қилганини маълум қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга юқори бўлиб, мамлакат туризм соҳасида янги рекордни қайд этди. Бу ҳақда AZƏRTAC агентлиги хабар берди.

Марокаш Туризм, ҳунармандчилик, ижтимоий ва кооператив иқтисодиёт вазирлиги мазкур натижалар мамлакатнинг глобал туризм бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлаётганини таъкидлади. Вазирликнинг билдиришича, бу ўсиш сўнгги йилларда амалга оширилаётган стратегия ва инвестициявий ислоҳотларнинг самарасидир.

Вазир Фотима Заҳра Аммор таъкидлашича, туризм соҳасидаги бу кенгайиш мамлакатнинг сайёҳлик йўналиши сифатидаги жозибадорлигини намоён этмоқда. Бу эса 2023–2026 йилларга мўлжалланган миллий Туризм йўл харитасини амалга ошириш билан бевосита боғлиқ. Ушбу дастур доирасида ҳаво қатновларини яхшилаш, турли мамлакатларда реклама кампанияларини кучайтириш, туризм хизматларини диверсификация қилиш ва туризм инфратузилмасига инвестицияларни рағбатлантириш каби устувор вазифалар белгиланган.

Амморнинг фикрича, бу муваффақиятли натижа Марокаш ҳукумати томонидан 2030 йилгача 26 миллион сайёҳни қабул қилиш бўйича белгиланган улкан режаларнинг амалга ошишига ишонч бағишлайди.

Марокаш сайёҳлар учун нафақат бой тарихий мероси ва қадимий шаҳарлари, балки замонавий меҳмонхона инфратузилмаси, маданий тадбирлар, табиий гўзаллик ва меҳмондўстлик анъаналари билан ҳам жозибадор бўлиб бормоқда.

Туризм салоҳиятини янада кенгайтиришга қаратилган ҳаракатлар натижасида Марокаш Африка қитъасидаги етакчи туризм марказларидан бирига айланиш арафасида турибди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марокашга сайёҳлар оқими ортиб, янги рекорд ўрнатилди