Украина Қрим кўпригига яна дрон ва ракеталар билан зарба берди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 17 ноябр кунига ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари томонидан дронлар ва ракеталар ёрдамида амалга оширилган ҳужум натижасида Қрим кўпригининг автомобил қисми яроқсиз ҳолга келиб, унинг конструксиялари қулаб тушди.
- Украина президенти Владимир Зеленский ушбу операция Хавфсизлик хизмати ва Бош штаб ҳамкорлигида тайёрланган еттинчи босқич эканлигини ҳамда унда «Паляниця», «Нептун», «Фламинго» ва «Рута» воситаларидан фойдаланилганини маълум қилди.
17 ноябрь кунига ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Қрим кўпригига дронлар ва ракеталар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида кўприкнинг автомобиль қисмидаги арка ва оралиқ конструкциялар қулаб тушган. Автомобиллар ҳаракати тўхтатилган, деб хабар беради Gazeta.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилишича, кўприкнинг автомобиль қисми яроқсиз ҳолга келган ва ундан машиналар ўта олмайди. Темирйўл тармоғи сақланиб қолган бўлса-да, унинг аркаси ҳам шикастланган.
Бу Украина ҳарбийларининг Қрим кўпригига кетма-кет иккинчи кечада берган зарбаси бўлди. Бундан аввал, 16 ноябрга ўтар кечаси ҳам кўприк дронлар билан нишонга олинган. Ўша ҳужумдан кейин автомобиль ҳаракати қарийб 17 соат давомида тўхтатиб қўйилганди.
Украина президенти Владимир Зеленский операцияга бир неча ҳафта тайёргарлик кўрилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу Хавфсизлик хизмати ва Қуролли кучлар Бош штаби ҳамкорлигида тайёрланган операциянинг еттинчи босқичи бўлган. Унда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радарлари, радиоэлектрон кураш воситалари ва бошқа нишонлар босқичма-босқич йўқ қилинган.
Зеленский операциянинг якуний босқичида «Паляниця» учувчисиз аппаратлари, «Нептун» ва «Фламинго» ракеталари ҳамда «Рута» дронларидан фойдаланилганини маълум қилди.
Украина президенти Россия ҳар куни Украина инфратузилмасига, жумладан, кўприкларга зарба бераётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Украина ҳам Россияга уруш бошланган жойга қайтишини эслатмоқда.
Россия Транспорт вазирлиги 17 ноябрь куни эрталаб Қрим кўпригининг автомобиль ва темирйўл қисмларида ҳаракат тўхтатилганини билдирди. Кейинроқ темирйўл ҳаракати битта йўлак орқали қайта тиклангани маълум қилинди. Кечқурун ҳукумат комиссияси йиғилишида кўприкдаги зарарни баҳолаш, таъмирлаш ишларини бошлаш ва Қримга юкларни муқобил йўналишлар орқали етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Тергов қўмитаси ҳужумни террорчилик ҳаракати деб баҳолади ва Жиноят кодексининг 205-моддаси бўйича иш қўзғатди. Идора маълумотига кўра, 16 ва 17 ноябрь кунлари кўприкга учувчисиз учиш аппаратлари орқали зарбалар берилган, натижада унинг конструкциялари шикастланган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужум ҳақида Владимир Путинга маълумот берилганини айтди. Унинг таъкидлашича, кўприк албатта қайта тикланади.
Бу Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Қрим кўпригига уюштирилган учинчи йирик ҳужумдир. 2022 йил октябрида юк машинаси портлаши оқибатида кўприкнинг иккита оралиқ қисми қулаб тушганди. 2023 йил ёзида эса унга денгиз дронлари орқали ҳужум қилинган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…