15:30 / 23.07.2020
3 110

Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини маълум қилди

Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини маълум қилди
Фото: Getty Images
​​​​​​​Ўзбекистон Марказий банки бошқарув кенгашининг навбатдаги йиғилишида йил якуни бўйича инфляция прогнози 11-12,5 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақлаб қолиниши маълум қилинди. Шунингдек, ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар
МБ жорий йилнинг I чорагида йиллик инфляция даражаси мақсадли кўрсаткичлар траекториясидан пастроқ бўлганини таъкидламоқда. Бунга, асосан, ўша даврда қатъий фискал сиёсатнинг юритилиши, иқтисодиётни кредитлашнинг мувозанатли даражаси ва тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги сабаб қилиб кўрсатилди.

II чоракдан бошлаб инфляция даражаси ўтган чоракка нисбатан бироз кўтарилди ва июнь ойи якунлари бўйича 14,2 фоизни ташкил этди. Жорий йил иккинчи чорагида нархларнинг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларига бўлган юқори талаб ҳамда июнь ойида мева ва сабзавотлар нархининг мавсумий пасайишининг кутилганидан кўра секинроқ бўлиши каби омиллар оширувчи босим кўрсатди.

Маълум қилинишича, иккинчи чоракда базавий инфляция нисбатан юқори ўсиш суръатига эга бўлди ва июнь ойида йиллик 13,8 фоизни ташкил этди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмаларида жорий йил апрель ойидаги юқори ўсишдан сўнг май-июнь ойларида сезиларли даражада пасайиш кузатилди. Айни пайтда, инфляцион кутилмалар инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи траекториясидан сезиларли даражада юқори шаклланмоқда.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар келгуси ойларда нархларнинг ўсишини, биринчи навбатда, пандемия таъсири ҳамда монопол товар ва хизматлар нархларининг ўсиши билан боғлашмоқда.

Иқтисодий фаоллик
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича республикада реал ЯИМ ҳажми 0,2 фоизга ошди.

Бунда, истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ишлари асосий оширувчи омиллардан, инвестициялар ва ташқи савдо айланмаси секинлаштирувчи омиллардан бўлиб, 6 ойлик ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 фоизга қисқарди.

Жорий йил март-апрель ойларида иқтисодий фаолликнинг пасайишидан сўнг май-июнь ойларида қатор иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилмоқда.

Июнь ойида банк тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий ҳажми март ва апрель ойларига нисбатан мос равишда 39 ва 30 фоизга ошди. Савдо ва пуллик хизматлар соҳаларида ҳам пул тушумлари ҳажми ўсиш динамикасининг яхшиланиши кузатилди. Хусусан, апрель ойидаги ўтган ойга нисбатан 34,8 фоизлик (11,4 трлн. сўмдан 7,5 трлн. сўмгача) кескин пасайишдан сўнг савдо тушуми ва бошқа даромадлар кўринишидаги пул тушумлари ҳажми май ойида 33,8 фоизга, июнь ойида 25,3 фоизга ошди ва 12,6 трлн. сўмга етди.

Пул-кредит шароитлари
2020 йилнинг II чорагида нисбатан мўтадил қатъий пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди. Банклараро пул бозорида икки ҳафтагача бўлган муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларнинг асосий ставкага нисбатан ижобий спреди (тафовути) шаклланди.

Миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари нисбатан барқарор бўлиб, ўсувчи динамикасини намоён қилди. Июнь ойи якунлари бўйича жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 20 фоизни, юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича эса – 17 фоизни ташкил этди.

Миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг йил бошидаги 25,8 фоиздан июнь ойида 23,7 фоизгача пасайганлиги пандемия даврида тижорат банкларига давлат дастурлари бўйича уй-жой хариди ва тадбиркорлик фаолиятини кредитлаш учун қўшимча ликвидликнинг йўналтирилиши билан изоҳланади.

Миллий валюта алмашув курси динамикаси жаҳон иқтисодиётида умумий вазиятнинг ёмонлашиши, валюта тушумларининг камайиши ва асосий савдо ҳамкорлар миллий валюталарининг қадрсизланиши таъсирида шаклланди. Натижада, жорий йил апрель ойида алмашув курси 5,8 фоизга қадрсизланди. Май-июнь ойларида эса алмашув курси нисбатан барқарор бўлди ва ушбу даврда девальвация даражаси 0,4 фоизни ташкил этди.

Инфляция прогнози
Марказий банк иқтисодиётдаги мавжуд вазият ва пандемия билан боғлиқ ноаниқлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил якуни бўйича инфляция прогнозини йиллик 11-12,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолди.

Бунда, III чоракда энергия ресурслари нархининг ўтган йилдаги ошиши таъсирининг чиқиб кетиши билан унинг инфляция даражасига таъсири минималлашиши кутилмоқда.

Карантин чеклов чораларининг узоқ муддат сақланиб қолиши шароитида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига ва дори воситаларига бўлган талаб юқори даражада сақланиб қолса, аҳоли харажатларининг қайта тақсимланиши ва оптималлашиши натижасида бирламчи эҳтиёж тоифасига кирмайдиган маҳсулотларга бўлган талаб қисқариб боради.

Бундан ташқари, карантин чекловларининг янада узайтирилиши натижасида, меҳнат ресурслари ҳаракатланишидаги чекловлар, логистика тизимининг ёмонлашиши, товарларни ташиш муддати ва харажатларини ортиши асосий товарлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

Жорий йил январь-июнь ойларида иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг 18,2 фоизга (38 трлн. сўмга), пул массасининг 12,3 фоизга (11,2 трлн. сўмга) ўсганлиги, II чоракда бюджет харажатларининг даромадларига нисбатан сезиларли юқори бўлиши базавий инфляцияни оширувчи омиллар бўлди. Умуман олганда, йил якуни бўйича базавий инфляциянинг 12 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Пандемияга қарши чораларнинг фаоллаштирилиши ва соғлиқни сақлаш харажатларининг оширилиши шароитида II ярим йилликда ҳам бюджетга ва марказлашган жамғармаларга бўлган босим сақланиб қолади ва бу умумий фискал тақчилликнинг прогноз кўрсаткичларидан сезиларли ошишига олиб келади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иқтисодий фаолликнинг тикланиши ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида иккинчи ярим йилликда ЯИМнинг ижобий ўсиш суръатларига эришилиши ва йил якуни бўйича унинг реал ўсиши 1,5-2,0 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Хатарлар ва ноаниқликлар
Келгуси даврларда асосий хатарлардан бири пандемия таъсири ва унинг олдини олиш учун кўриладиган чоралар натижасида иқтисодий вазиятнинг тез ўзгаришидир.

Бу, иқтисодиётда юқори даражадаги ноаниқликларнинг юзага келтириб, иқтисодий жараёнларнинг олдиндан аниқлашни қийинлаштиради ва натижада прогнозларнинг аниқлиги ва самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради.

Шу билан бирга, инфляцияга монетар омиллар, хусусан, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг кескин ўсиши билан боғлиқ босим сақланиб қолмоқда. Бу, ўз навбатида, кредитлар ўсиш суръатларини мувозанатлаштириш ва илгари ажратилган кредитларнинг қайтувчанлигини ошириш бўйича чоралар кўришни талаб этади.

Бундан ташқари, асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатларда иқтисодий фаолликнинг узоқроқ муддатларда тикланиши ва жаҳон бозорларидаги ноқулай нархлар муҳитининг сақланиб қолиши экспорт ва трансчегаравий пул ўтказмаларидан валюта тушумининг маълум даражада қисқаришига олиб келиши мумкин.

Бунда, Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари хусусиятини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляция прогноз динамикасининг шаклланишидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси бўйича тегишли қарорларни қабул қилиб боради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини маълум қилди