Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Сурхондарё ҳамда Қашқадарёдан кейин Самарқандда журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжуманида қатнашди. ИИВ расмийси иштирокидаги матбуот анжуманида ОАВ ходимлари, блогер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.
«Тik Tok’ да ҳам саҳифамиз бор»
Шоҳрух Ғиёсов матбуот анжумани бошида ички ишлар вазирлиги йилдан-йилга ОАВ ва фуқаролар учун очилиб бораётганини айтиб, айни дамда вазирлик қайси тармоқларда ўз ишлари ҳақида маълумот бериб бораётганини санади.
«Ҳозир ИИВ қошида 24 та интернет сайт ишламоқда. Вилоят ИИБлар сайти, тергов департаментининг сайти ва бошқалар шулар жумласидандир. Вазирлик сайти ҳам янгиланди, чунки бугунги очиқлик сиёсати даврида бошқача ишлаб бўлмайди. Барча ижтимоий тармоқларда ҳам ўз саҳифамизни очганмиз. YouTube'да МДҲ давлатлари орасида бизнинг ўқувчилар сони энг кўп (70 мингдан ортиқ). Умумий кузатувчиларимиз сони 3 миллиондан ошди.
Ҳатто Tik Tok’да ҳам ўз саҳифамизни очдик, чунки ёшларга Tik Tok форматидаги видеолар бериб боришимиз керак. Қатор телеканалларда биз билан ҳамкорликда кўрсатувлар тайёрланмоқда. Аввал телевидениеда берилган нарсани тарқатиш билан кифояланган бўлсак, ҳозир ўзимиз тайёрлаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, бугун биз ҳам ахборот тайёрлаб, уни тарқатишга одатландик», деди Ғиёсов.
«Журналистлар билан муаммо йўқ, аммо блогерлар билан...»
ИИВ расмийси вазирлик ва унинг таркибидаги бошқармалар ОАВ вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан ишлашга тайёрлиги, ҳар қандай маълумот учун муносабат билдиришга ҳаракат қилинишини айтди. Ғиёсов баъзи ҳолатларда ички ишлар тизимидан муносабат олмай хабарлар тарқатилиши оқибатида тушунмовчиликлар юзага келаётганини таъкидлади.
«Биз доим журналист ва блогерлар билан ишлашга тайёрмиз, қўл остимдаги барча ходимларга бу ҳақда кўрсатма берганман. Аммо ИИВ ходимларидан муносабат олмай хабар эълон қилиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Бу борада журналистлар билан муаммо йўқ, чунки уларда хабар эълон қилиш бўйича тартиб шаклланган. Блогерлар билан эса муаммо бўлмоқда. Улар маълумотни текширмай ёки кесиб эълон қилишади, бу тўғри эмас, ахир биз доим муносабат билдиришга тайёрмиз. Биласизми, бир йил давомида ички ишлар ходимлари ҳақида 580 дан ортиқ негатив маълумот тарқатилган ва шундан фақат 41 таси ўз исботини топган», деди ИИВ матбуот котиби.
Ғиёсовдан Самарқандда бўлиб тургани учун каттақўрғонлик солиқчининг ўлими (солиқчи Азизбек Аҳмедов ЙҲХБ ходимлари унга нисбатан куч ишлатганидан сўнг ҳалок бўлганди) билан боғлиқ ҳолат тизимда қандайдир ўзгаришга сабаб бўлган-бўлмагани, бу ҳолат ИИВ тизими учун қандай сигнал бўлганини сўрадик.
«Нафақат Каттақўрғондаги воқеа, балки зўрлик ишлатиш билан боғлиқ барча ҳолатлар ИИВ учун фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Бундай вақтларда махсус ишчи гуруҳ тузилади. Каттақўрғонда бизнинг ходимлар ўз ишини бажараётган бўлган. Улар солиқчини бўғиб ўлдирган дейиш тўғри эмас. Уларнинг ишларига суд қонуний чора кўрди. Албатта, бу воқеа жиддий ўрганиб чиқилди.
Каттақўрғондаги воқеанинг видеосини кесиб қўйишдан мақсад ниманидир кўрсатмаслик эмас, шунчаки роликни қисқартириш бўлган. Чунки катта видео бўлса, уни кўриш ноқулай. Биз шунчаки қоида бузилган жойларни кесиб берганмиз, далиллар яширилмаган. Бу ахборотни тезкор етказиш жараёнидаги тушунмовчилик холос, бошқа нарса эмас», деди ИИВ расмийси.
«Бу эскича фикрлаш»
«Zo’r TV» мухбири фаолияти давомида терговчилар ахборот тарқатишга бир неча марта халақит берганини айтиб, бу борада ОАВ билан ишлашда қандайдир тартиб бор-йўқлиги ҳақида сўради. Унинг айтишича, эфирда кетадиган маълумотларни терговчилар вазирликка тасдиқлатиб олиш кераклигини айтган. Бу эса журналист тайёрлаган материал эълон қилиниши кечикиб кетишига сабаб бўлган. Бунга жавобан Шоҳрух Ғиёсов кимдир журналистга ахборот тарқатишда асоссиз халақит берган бўлса, у эскича фикрлаётганини айтди. ИИВ расмийси терговчилар ОАВ билан фаол ишласа, бу учун маошига устама ҳам тўлаб берилишини таъкидлади.
«Терговчи ТВда чиққани, ОАВга ўз иши бўйича махфий бўлмаган ахборот бергани учун уларнинг рейтинги ошади, ҳатто маошига ҳам устама қўшилади. Қайси терговчи маълумот яширмоқчи бўлса, у эскича фикрлаётган экан. Мен ҳам шу ҳолатга дуч келиб, тергов департаменти раҳбаригача чиқдим-да, биз тарқатилаётган ҳар бир маълумотни келишиб чиқарадиган бўлсак, тўғри бўлмаслигини айтганман», деди ИИВ матбуот котиби.
Матбуот анжуманида қатнашган Ички ишлар вазирлиги муассислигидаги «Постда» газетаси мухбири ҳам маълумот олиш борасида муаммоларга дуч келаётганини айтди.
«Қандай маълумотлар ёпиқ экани қонунда кўрсатилган. Аммо терроризмга қарши кураш бошқармаси сиз сўраган нарса кейинчалик қандай резонанс келтириб чиқаришини ўйлаб, маълумот бермаган бўлиши мумкин. Аммо вазирлик нашрида ишларкансиз, Тошкентдаги раҳбариятингиз орқали мурожаат қилсангиз, бу борада муаммо бўлмаслиги керак», деди Ғиёсов.
Машинаси ёқиб кетилган блогер саволи
Шоҳрух Ғиёсов иштирокидаги матбуот анжуманига автоблогерлар айниқса фаол қатнашди. Улардан бири роппа-роса бир йил аввал ўз машинаси ёқиб юборилгани, аммо ҳамон бу жиноят очилмай қолаётганини айтди. Унинг фикрича, машинасини айнан автоблогерлик фаолияти учун ёқиб юборишган. ИИВ матбуот котиби эса жиноят очилмагани ҳеч ким ишламаётганини англатмаслигини айтди.
«Давлат ҳайдовчини секин ҳайдашга мажбур қилиши керак»
Яна бир автоблогер Ғиёсовдан Самарқанд шаҳридаги мактаблар олдида «ётиқ полициячи» усулидаги тўсиқчалар қўйилишини назоратга олишни сўради. ИИВ расмийси бу борада фикрларини билдирар экан, чиндан техник томондан ҳайдовчини секин ҳайдашга мажбур қилиш зарурлигини айтди.
«Йўллардаги инфратузилманинг ёмонлиги, йўлларнинг ҳолати жиддий муаммо. Давлат мактаблар олдида ёки пиёдалар йўлакчаси олдида машинани секин ҳайдашга мажбур қилиши керак. Йўл белгилари, йўлда қандайдир кичик тўсиқлар, огоҳлантирувчи «ётиқ полициячи» қўйиш билан. Бизнинг йўлларимизда ковиддан ҳам кўпроқ одам ўлмоқда, бу жуда ёмон.
Бу борада жамоат транспортини ривожлантириш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Агар кўчаларда жамоат транспортида, велойўлакчаларда пиёда ҳаракатланиш қулай бўлса, парковкалар кўпайса, ҳаракат тартибга келиши учун жуда фойдали бўлади», деди Ғиёсов.
Шоҳрух Ғиёсов блогер Никита Макаренконинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш қийин бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифини тўлиқ қўллашини айтди: «Макаренконинг таклифини 100 фоиз қўллаб-қувватлайман. Чет элда бу нарса яхши ривожланган. Уларда хусусий ҳайдовчилик гувоҳномаси берадиган фирмаларга сиз имтиҳондан ўтолмаслигингиз қайтанга фойдали, чунки қўшимча тўлов қилиб яна имтиҳондан ўтишга мажбурсиз. Менимча ҳам «права» олиш учун имтиҳонлар қийин бўлиши керак», деди ИИВ расмийси.
Блогерлардан бири Ғиёсовдан «Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёнида пора олиш ҳолатлари ҳақида биламизми? Бу ҳозир жуда авж олган», деб сўради. Ғиёсов эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган расмийси сифатида фактлар билан ишлай олишини, бундай ҳолатлар кузатилса, тўғридан тўғри унга мурожаат қилиш мумкинлигини айтиб, иштирокчиларга ўз телефон рақамини берди.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»