14:34 / 13.09.2020
3 458

Раъно Ярашева ҳамкасби Дилбар Икромова ҳақида: «Ҳаётда тортинчоқ ва беозор, саҳнада эса қудратли аёл эди»

Раъно Ярашева ҳамкасби Дилбар Икромова ҳақида: «Ҳаётда тортинчоқ ва беозор, саҳнада эса қудратли аёл эди»
Фотоколлаж: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 2020 йилнинг 25 август куни коронавирус асоратлари оқибатида 73 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга берган интервьюсида театр ва кинода баракали ижод қилган яқин ҳамкасби билан боғлиқ хотираларини ҳикоя қилди.

- "Дилбар опам билан 1989 йилдан буён шахсан таниш эдик. Ўттиз йил театрда битта пардозхонада бирга пардоз қилдик. Йиллар давомида бир-биримизга жуда боғланиб қолдик, сирдош, дардкаш бўлдик, кунимиз театрда ўтарди. Спектакллар, репeтициялар кетма-кетлиги бизни янада қадрдонга айлантирди. «Чимилдиқ», «Қаллиқ ўйини», «Қирмизи олма», «Ўзбекча рақс» каби жуда кўплаб саҳна асарларида партнёр эдик.

Улар дардини ҳаммага ҳам айтмасди. Ҳамкасбларидан Дилноза Кубаева, Феруза Бобоёрова, айниқса, мени яқин олиб кўнглини кўп очарди. Самарқандга ота уйимга бир неча маротаба бориб, меҳмон бўлган. Мен ҳам уларнинг хонадонига борганимда, онаси Жамилахон ая жуда яхши кутиб оларди. Меҳр-оқибатимиз кучли, оилавий яқинлигимиз бор эди.

Ҳаётда жуда камгап, тортинчоқ ва беозор аёл эди. Журналистлар интервью олиш учун қўнғироқ қилишганида ҳам кўпинча рад этарди. Лекин жуссаси кичкина бўлса-да, саҳнада юраги ёнарди, жуда қудратли эди. «Сизнинг ичингизда иккита одам яшайди», дердим ҳамиша. Дилбар опам каби бошқа актриса театрга қайтиб келмаса керак. Унинг жуда катта ўрнини ҳеч ким тўлдиролмайди.

«Чимилдиқ» спектакли ва киносида ҳам бирга роль ўйнаганмиз. Фильм суратга олиш майдончасига душанба куни машинамда Дилбар опам, Муқаддас Холиқова ва бир қанча ҳамкасблар бирга кетиб, жума куни қайтиб келардик. Шанба ва якшанба кунлари эса саҳнада «Чимилдиқ» спектаклида ролимизни ижро қилардик. Ҳар бир кунимизда бир хотира бор эди. Турли давлатлар ва вилоятлар бўйлаб ижодий сафарларга борганимизда ҳам доим битта хонада турардик.

Охирги марта биргаликда карантиндан аввал «Ўзбекча рақс»да роль ўйнадик. Бу Дилбар опамнинг саҳнадаги сўнгги роли бўлиб қолди. Мазаси қочиб, шифохонага тушиб қолганида ўғли Муроджон билан хабарлашиб турдим. Аммо уларнинг олдига киришимга рухсат йўқлигини айтишди.

Дилбар опамнинг қон босими жуда баланд юрарди. Бир неча марта спектакл жараёнида ҳам тез тиббий ёрдам шифокорларини чақирганмиз. Саҳна ортида укол олиб, яна ролини ўйнашда давом этарди. Бу сафар ҳам касалликни енгиб ўтишига умид қилгандим. Аммо ўлим ҳақ экан, бизни ташлаб кетди. Бу менга кучли таъсир қилди, Дилбар опамни йўқлигига ҳалигача ишонгим келмаяпти. Илоҳим охирати обод бўлсин!", - дейди Раъно Ярашева.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Раъно Ярашева ҳамкасби Дилбар Икромова ҳақида: «Ҳаётда тортинчоқ ва беозор, саҳнада эса қудратли аёл эди»