
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти олимлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашди. Мурожаатни йўллаш ташаббуси “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” мавзусидаги IV халқаро конгрессда онлайн иштирок этган япониялик олимлар томонидан илгари сурилди.
Kun.uz нашри хабарига кўра, Япониядаги Ўзбекистон элчихонаси биносида йиғилган 20 нафар олим мурожаат лойиҳасини тайёрлаган ва лойиҳа жамият бошқаруви, илмий кенгаши аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.
Мурожаатда бутунжаҳон жамият аъзолари мамлакат кутубхоналари ва таълим муассасаларига "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидан 10 минг нусхадаги 35 томлик китоб-альбомларни топшириш ташаббусини амалга оширишда кўмак берганлиги учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдиради.
"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги расмли китоб-альбомларни чоп этиш ҳамда уларни мамлакат кутубхоналари ва ўқув муассасаларига топшириш таклифи III халқаро конгресс доирасида илгари сурилган ва давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган эди. Уларнинг дастлабки 15 жилди республикадаги таълим муассасаларига етказилган. Ҳозирда лойиҳанинг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Мурожаатда қайд этилишича, "Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори" мавзусидаги IV халқаро конгрессда 2021-2025 йилларга мўлжалланган йўл харитаси қабул қилинган. Унга кўра, кейинги беш йил ичида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти 100дан ортиқ янги лойиҳа амалга оширишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон маданиятига оид 114та тарихий Қуръон қўлёзмаларини жамлаган рисолани яратиш лойиҳаси ҳам шу жумладандир.
“Биз мамлакатда ва хориждаги музейларда сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоб ва альбомлар нашр этиш, ҳужжатли, бадиий фильмлар тайёрлаш, илмий форумлар ўтказиш, ўқув дастурлари яратиш, мамлакат маданий меросини тиклаш соҳасидаги мутахассислар ишларини, қонунчиликни такомиллаштириш, туризмни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни тадқиқ қилишни давом эттириш ниятидамиз”, дейилади мурожаатда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар