20:30 / 04.03.2021
2 555

Бухоролик ўқитувчи Амир Темур ҳақида тарихчиларимизга маълум бўлмаган асар мавжудлигини аниқлади

Бухоролик ўқитувчи Амир Темур ҳақида тарихчиларимизга маълум бўлмаган асар мавжудлигини аниқлади
Фото: «Xabar.uz»
Бухоро давлат университетининг Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси ўқитувчиси, доцент Абдураҳим Болтаев Амир Темур шахси хусусида бугунги кунга қадар маълум бўлмаган, ўрта асрларда ёзилган тарихий асар мавжудлигини аниқлади. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Абдурҳим Болтаев Эрон давлатининг Олий таълим муассасаларига тегишли бўлган электрон кутубхоналарини мукаммал ўрганган. Ўрганиш давомида Амир Темур шахси хусусида бугунги кунга қадар Ўрта Осиё тарихчиларига маълум бўлмаган, ўрта асрларда ёзилган тарихий асар мавжудлиги аниқлаган.

Мазкур асар форс тилида ёзилган бўлиб, «Темурномаи манзума» («Назмий Темурнома»), яъни Амир Темур хусусидаги шеърий шаклдаги Темурнома ҳисобланиб, XV-XVI асрларда яшаб ижод этган шоир, адиб ва муаррих, Эронда темурийлар даврининг ниҳоя топиб, сафавийлар давлатининг кучайиши палласида яшаб ижод этган Абдуллоҳ Ҳотифий Харгирдий Жомий (1454-1521) қаламига мансуб бўлган. Бу асар аксарият тарихга қизиқувчилар назаридан четда қолиб келган.

Фото: «Xabar.uz»
Изланишларим натижасида Абдуллоҳ Ҳотифий темурийзода Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро даврида яшаган машҳур шоир Абдураҳмон Жомийнинг жияни бўлиб, у Хуросон ҳудуди таркибидаги Жом ва Ҳирот шаҳрида яшаб ўтганига ойдинлик киритдим. У Ҳусайн Бойқаро давридаги воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлган, даврнинг энг етук алломалари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Воиз Кошифий каби мутафаккирлар билан таниш бўлган. Ҳотифийнинг «Темурнома» асари ўзига хос шеърий тарзда ёзилган бўлиб, бунда Амир Темур шахсига ижобий таъриф бериш билан бир қаторда, тарихий воқеалар холис ёритган.

Ушбу асар Туркия, Эрон ва Ҳиндистон кутубхоналарида мавжуд бўлиб, ҳали йирик ва махсус тадқиқ қилинмаган. Уни чоп этиш ишлари илк бор 1958 йилда Ҳиндистон давлатидаги Мадрас университети олими Абу Ҳошим Саййид Юшаъ томонидан амалга оширилган. Иккинчи марта эса 2019 йилда эронлик олим Мансур Шукройи томонидан нашрга тайёрлаб чоп қилинган. Бироқ асарнинг ўзига хос жиҳатлари, бошқа манбалардан устунлиги ёки камчиликлари тўғрисида қиёсий таҳлил асосида бирорта жиддий тадқиқот амалга оширилмаган. Республикамиз ҳудудидаги тарихчи мутахассислар ушбу асардан хабардор эмас
,— деди Абдураҳим Болтаев.

Билдирилишича, Ҳотифийнинг «Темурнома» асари тарихий ва бадиий қийматга эга.

Асарда воқеалар ривожи ва мавзуларнинг тадрижийлик асосида келтирилгани Ҳотифийнинг ўзидан олдинги муаррихлар асарларидан ҳам яхши хабардорлигини кўрсатиб турибди. Мана шу жиҳатларни эътиборга олсак, асар Амир Темур тўғрисида ёзилган бошқа замондошларининг услубидан фарқ қиладиган ўзига хос услубда ёзилганига шубҳа йўқ. Буни, албатта, кейинги тадқиқотлар аниқлаб беради. Айни пайтда форс тилида битилган ва янги топилган мазкур асар таржимаси устида ишлаяпман. Жорий йилнинг 9 апрель куни Амир Темур таваллудига 685 йил тўлади. Шу муносабат билан ушбу китобнинг таржимасини тугатиб, уни таҳлил этган ҳолда чоп этилишини таъминлайман. Бу, албатта, мамлакатимизнинг фан, адабиёт ва тарихи учун муҳим янгилик бўла олади, — деди А. Болтаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Бухоролик ўқитувчи Амир Темур ҳақида тарихчиларимизга маълум бўлмаган асар мавжудлигини аниқлади