10:48 / 16.06.2022
1 259

Финалга ҳаммани олиб чиққан йигитларнинг асосий кучи нимада?

Финалга ҳаммани олиб чиққан йигитларнинг асосий кучи нимада?
Тимур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон U23 жамоаси жуда оғир кечган баҳсда Япониялик тенгқурларига ҳеч қандай имконият қолдирмай финал йўлланмасига эга чиқди. Буниси ўз йўлига, аммо бир омилга эътиборингизни қаратмоқчи эдим.

Йигитлар турнирдаги барча ўйинда рақибларига нисбатан руҳан кучли эканлигини исботлаб ташлади. Аввалига жуда оғир баҳсда Туркманистон таслим этилди, кейин Қатар "руҳан" синиб қолган бўлса, Эрон билан ўйинда иккинчи таркибимиз форсларни гуруҳда қолдириб кетди. Чорак финалда Ироқ билан нима бўлганини кўрдингиз. Япония билан имкониятлар тенг эди, аммо ўз вазиятларидан совуққонлик билан фойдаланганимиз учун 2:0 натижаси билан муаммосиз финал йўлланмасига эга чиқдик.

Кучли жамоалар кўп, аммо уларнинг барчаси ҳам руҳан "синмайдиган" "қудратга" эга эмас. Буни терма жамоамиз мисолида кўп бор кўрганмиз. Мусобақага 2 ёш кичик таркиб билан келган, аммо ҳозир Осиё кубоги финалига чиққан Ўзбекистон U23 аъзолари бундан мустасно.

Ироқ билан ўйиндан сўнг, жонли эфирда Абдувоҳид Неъматов билан телефон орқали суҳбатлашдик. Унинг айтган бир жумласидан қаттиқ таъсирландим. Ўша ондаёқ, бу йигитлар кучли жамоа бўлиб шаклланганини ич-ичимдан ҳис қилдим.

"Қизил карточка кўрсатилгач, олдимда Жасур ва бошқа йигитлар етиб келиб мени бағрига босди. Улар хотиржам майдонни тарк этишимни, унинг учун ҳам ўйинни қутқариб қолиб, ярим финалга чиқишларини айтишди. Очиғи, чуқур шок ҳолатида эдим. Майдонни тарк этишим билан, мени допинг тести учун олиб кириб кетишди. Баҳсни қолганини ўша хонада кўрдим. Тўғриси, йигитларни бундай аҳволда қолдирганимдан, жуда афсусдаман."

35 минг мухлис қаршисида 10-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб, ҳисобда ортда бораётганига қарамай, жамоадошини юпатишга ўзида куч топган укаларимиз қалбларни ларзага солди. Эндигина профессионал футболга кириб келганига қарамай, майдонда арслонлардек олишаётган жамоамиз аъзолари яхлит бир муштга айлангани киши кўзини қувонтирмоқда. Майли, ғалаба ва мағлубият ўз йўлига. Асосийси, бир-бири учун майдонда "жанг" қиладиган жамоа шаклланаётгани бизни ютуғимиз.

Уларнинг бу қаҳрамонлиги мағлубиятлардан зада бўлган ишқибозларимизни келажакка жилмайиб қарашга мажбур қила олди. Уларни ёруғ кунлар борлигига ишонтира олган футболчиларимизни ишқибозлар ҳам оғир кунида ёлғизлатиб қўймади. 15 мингдан ортиқ фанат стадион ташқарисида Кападзе шогирдлари билан елкама-елка туриб берди. Кечагина "Ўзбекистонда футбол ўлди" деб қўл силтаган ватандошларимиз бугун улкан экран олдида қарсак чалиб турганини ўзи Олимпия терма жамоамизнинг улкан ғалабаси.

Бу гўзал ҳикоянинг хотимаси ҳам чиройли бўлиши шарт. Орадан йиллар ўтгач, йигитларимиз набираларига фахр билан айтиб беришига лойиқ воқеалар бизни олдинда кутиб турибди! Фақат бу уларнинггина эмас, балки бутун ўзбек халқининг ҳикоясига айланишидан умидимиз бор!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Финалга ҳаммани олиб чиққан йигитларнинг асосий кучи нимада?