15:50 / 23.11.2023
370

U 17 Терма жамоаси устози Жамолиддин Раҳматуллаев билан интервью

U 17 Терма жамоаси устози Жамолиддин Раҳматуллаев билан интервью

Ўзбекистон U17 терма жамоаси бош мураббийи - Жамолиддин Раҳматуллаев кеча бўлиб ўтган Англияга қарши ўйинда қизил карточка олганидан хабарингиз бор. Ўша воқеа аслида қандай содир бўлганини аниқлаш мақсадида ўсмирларимиз устози билан алоқага чиқдик.



Ўзи нега тўпни тепиб юбордингиз?
- Тўғрисини айтсам, одам бироз хижолат бўлди. Жуда асабий ўйин бўлаётган эди. Қўшиб берилган 9 дақиқа тугамай кетди. Ҳиссиётларимни жиловлай олмадим. Очиғи, қизил карточкани умуман кутмаган эдим. Сариқ карточка беришини тахмин қилган эдим. Ўзи, ҳаётда эмоционал инсон бўлганим учун ўйиннинг сўнггида чидаб тура олмадим.

Ҳозир жамоадаги йигитларнинг кайфияти қандай?

- Кайфият аъло даражада, аммо улар жуда толиққан. Ҳозир, бизни вазифамиз тезкорлик билан уларни жисмоний ҳолатини тиклаш. Яна шаҳар алмаштирамиз. Гуруҳ босқичида ўйнаган стадионимизга қайтамиз. Ўйинга қадар вақтимиз жуда кам қолган. Тикланиш билан биргаликда, рақибга қарши ўйинга тайёрланишимиз ҳам керак. Асосийси, шогирдларим ўйиндан-ўйинга ўз кучига ишониб бормоқда. Бу қувонарли.

Франция билан ўйинда жамоани онлайн бошқарасизми?

- Албатта. Ҳозир шу масала борасида ўйлаяпмиз. Мундиал иштирокчиларига замонавий техникалар тақдим этилмоқда. 5-6 камерадан ўйинни жонли кўриш имконини берадиган планшет, катта монитор ва 5-6 инсон бемалол суҳбат қуриши мумкин бўлган микрофонларни таниқли компаниялар тақдим этмоқда. Шу сабабли, бу томондан муаммо бўлмайди. Ўйинни сал тепароқдан туриб бўлса ҳам, ёрдамчиларим орқали бошқариб бораман. Умид қиламанки, шогирдларим захира ўриндиғида йўқлигимни сездирмайди. Бу баҳсни ижобий якунлай олсак, кейинги ўйинларда жамоам билан бирга бўламан.

Лазизбек Мирзаев жарима зарбаси бераётганда ичингиздан нималар ўтди?

- Бизни жамоада жарима зарбасини ижро этадиган бир нечта футболчи бор. Бу эпизоддан бироз аввал узоқроқ масофадан стандарт вазият юзага келганида, Шерзод ижро этишини таъкидлаган эдим. Гол бўлган вазиятда мураббийлар штаби танловни йигитларни ўзига қолдирди. Лазизбек ўзига ишонган холда ижро этди. Тўғриси, кўнглим сезиб турган эди. Зарба голга айлангач, шогирдларим мардонавор тарзда туриб беришди.

Биринчи учрашувда йирик ҳисобда мағлуб бўлдик. Ўша пайтда, чорак финалга қадар етиб боришимизни тасаввур қилганмидингиз?

- Ёдингизда бўлса, Жаҳон чемпионати қуръаси ташланганида, сизга интервью берган эдим. Ўшанда, шогирдларимга улар ўзига ишонганидан ҳам кўпроқ ишонишимни айтганман. Ҳали бизни йўлимиз тугагани йўқ, давом этмоқчимиз. Яратганни ўзи қўлласа, бундай ғалабалар ҳали кўп бўлади. Мали билан аламли мағлубиятдан сўнг, жамоани руҳий ҳолатини тиклаш устида ишладик. Улар билан кўпроқ суҳбатлашдик ва иккинчи ўйинга яхши холатда олиб тушишни уддаладик. Вақт жуда оз бўлгани боис, кейинги ўйинга қадар рақибни ўрганиб, уларни анализ қилишга ҳам улгуришимиз шарт эди. Бу зое кетгани йўқ. Биз ўйиндан-ўйинга кучайиб бордик. Насиб қилса, Франция билан мундиалдаги энг яхши ўйинимизни ўйнашимизга ишончим комил. Шогирдларимга ишонаман.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » U 17 Терма жамоаси устози Жамолиддин Раҳматуллаев билан интервью