
Бугун БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс олдидан футбол оламининг машҳур шахсларидан бири, 2007 йилги Осиё кубогида Ироқ терма жамоаси билан чемпионликни қўлга киритган бразилиялик таниқли мутахассис Жорван Виейра қизиқарли фикрлари билан бўлишди.
Виейра фикрига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги ўйиндаги имкониятлари рақибига нисбатан бироз юқори. "Мен Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонишига ишонаман. Бу албатта менинг шахсий қарашим. Бироқ учрашув БАА майдонида ўтаётгани терма жамоа учун қийинчилик туғдириши мумкин," – дейди тажрибали мураббий.
Жорван Виейра, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзени юқори баҳолади ва унинг ижобий томонларига алоҳида эътибор қаратди: "Тимур Кападзе жуда иқтидорли ва тажрибали мураббий бўлиб шаклланди. У аввалроқ Ўзбекистон олимпия терма жамоасини бир неча йил давомида бошқарган ва бу билан катта тажриба тўплади. Узоқ йиллар профессионал футболчи сифатида ҳам терма жамоада ўйнаган. Шунинг учун унинг бугунги мураббийликдаги энг кучли жиҳатларидан бири кийиниш хонасини ва футболчиларни назорат қилиш қобилиятидир. Бош мураббийнинг собиқ футболчи бўлиши ушбу жиҳатда жуда катта аҳамият касб этади. Мен Кападзе Ўзбекистонни Жаҳон чемпионатига олиб чиқишга муносиб номзод, деб ўйлайман," – деди у.
Шу билан бирга, тажрибали мутахассис БАА терма жамоасининг янги бош мураббийи Космин Олариуни ҳам юқори баҳолади. "Албатта БАА терма жамоасининг ҳам мураббийи ўзгаргани ва бу учрашув улар учун жуда муҳим эканлиги ҳам тушунарли. Олариу жуда тажрибали ва кучли мураббий. У Хитой ва араб мамлакатларида узоқ муддат фаолият олиб борган. Унга нисбатан жуда катта ҳурматим бор. Ҳозирда БАА терма жамоасининг таркиби бироз кучайган, улар бир нечта бразилиялик футболчиларни миллийлаштириб, таркибни янада бойитишди," – дея фикрини якунлади Жорван Виейра.
Шундай қилиб, бугун БАА майдонида кечадиган муҳим беллашув олдидан икки кучли мураббий ўртасидаги тактик жанг ҳам кутилмоқда. Тимур Кападзенинг мураббийлик маҳорати ҳамда Космин Олариунинг тажрибаси ўзаро тўқнаш келадиган бу баҳс мухлисларга ажойиб футбол намойиш этиши шубҳасиз.
Ўйин натижасини эса яқин соатларда кўрамиз. Қайси жамоа Жаҳон чемпионатига йўл олади — бунинг жавоби майдонда. Иккала терма жамоага ҳам омад тилаймиз! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг