date

"Реал Мадрид" Конате учун ҳаракатда, Салиба ҳам радарда

"Реал Мадрид" Конате учун ҳаракатда, Салиба ҳам радарда
Мадриднинг машҳур “Реал” клуби ёзги трансфер ойнаси якунланишидан олдин таркибини янада кучайтириш ниятида. Бу сафар эътибор марказдаги ҳимоя чизиғига қаратилган, деб ёзди lequipe.fr ва transfernewslive.com.

Маълумотларга кўра, “қироллик клуби” Англия Премьер-Лигасининг кучли жамоаларидан бири – “Ливерпуль”да тўп сураётган Ибраима Конате учун расман сўров юборган. Клуб раҳбарияти унинг трансфер нархини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Қизиғи шундаки, Конатенинг ўзи ҳам “Реал”дан тушаётган қизиқишга ижобий қараётгани айтилмоқда. Унинг “Сантяго Бернабеу”да тўп суриш орзуси борлиги таъкидланяпти.

Бу билан бирга, “Реал” бошқа бир истеъдодли ҳимоячи – “Арсенал” жамоасининг марказий ҳимоячиси Вильям Салибага ҳам жиддий назар ташламоқда. Унинг позициядаги ўйини, кучли фигураси ва вазиятни тўғри баҳолай олиш қобилияти жамоа мутахассислари диққатини жалб қилган.

Бироқ манбалар таъкидлашича, Салибанинг трансфери Конатенинг келишидан кўра анча мураккаб бўлиши мумкин. Чунки француз ҳимоячисининг лондонликлар билан амалдаги шартномаси яна камида икки йилгача давом этади.

Молиявий жиҳатдан ҳам бу трансферлар ўртасида сезиларли фарқ бор. Transfermarkt портали маълумотларига қараганда, Салибанинг бозордаги баҳоси тахминан 80 миллион еврони ташкил этади. Конатенинг нархи эса 60 миллион евро атрофида.

Бундай вазиятда “Реал”нинг аниқ қарор қабул қилишида иккала футболчининг шахсий хоҳиши, клублар билан олиб бориладиган музокаралар ва молиявий мувозанат ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.

Футбол мухлислари эса бу жараёнларни қизиқиш билан кузатмоқда. Айниқса, “Реал” марказий ҳимоядаги бўшлиқни ким билан тўлдириши, келгуси мавсумдаги натижалар учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бу трансферлар ортида катта стратегик режалар ётгани шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Реал Мадрид" Конате учун ҳаракатда, Салиба ҳам радарда