Осиё кубоги U-23 саралаш босқичида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси майдонга чиқиб, Шри-Ланка U-23 жамоасига қарши ўйин ўтказди.
Равшан Ҳайдаров раҳбарлигидаги ёшларимиз кескин устунлик билан ҳаракат қилиб, 4:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритишди. Бу ҳисоб нафақат уч очко, балки гуруҳдаги етакчилик учун ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувда асосий қаҳрамонлардан бири Рустам Турдимуродов бўлди. У икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳақиқий дубл муаллифига айланди. Умарали Раҳмоналиев биринчи бўлиб ҳисобни очди, Сардорбек Баҳромов эса жамоанинг сўнгги тўпини киритиб, ишончли ғалабани мустаҳкамлади.
Беллашув тафсилотлари қуйидагича:
Осиё кубоги U-23 саралаш. 1-тур
Ўзбекистон U-23 – Шри-Ланка U-23 4:0
Голлар: Умарали Раҳмоналиев (38), Рустам Турдимуродов (41, 54), Сардорбек Баҳромов (70).
Ўзбекистон U-23 таркиби: Эдем Неманов, Зафармурод Абдираҳматов, Муҳаммадрасул Абдумажидов, Жаҳонгир Ўрозов, Азиз Холмуродов, Беҳрузбек Асқаров, Умарали Раҳмоналиев (Отабек Аҳадов, 82), Диёрбек Ортиқбоев (Сардорбек Баҳромов, 62), Нодирбек Абдураззоқов (Ойбек Ўрмонжонов, 46), Маҳмуджон Маҳамаджонов, Рустам Турдимуродов (Самандарбек Мавлонқулов, 62).
Ёшларимиз ана шундай кучли старт билан мусобақада ўз сўзини айта олишини намойиш этишди. Хозиргина бошланган йўлдаги дастлабки ғалаба уларга янада катта ишонч бағишлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!