Леандро Троссард рафиқаси билан ажрашганини тасдиқлади

Арсенал ҳужумчиси Леандро Троссарднинг рафиқаси Лаура Ҳилвен узоқ давом этган миш-мишларга нуқта қўйди. У ижтимоий тармоқлар орқали етти йиллик никоҳдан сўнг эр-хотин ажрашишга қарор қилганини расман маълум қилди. Лаура бу қарор осонликча қабул қилинмаганини ва оила фаровонлиги учун энг тўғри йўл эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Эр-хотин 13 йил давомида бирга бўлишган ва 2019-йилда турмуш қуришган эди. Лаура Ҳилвеннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан футболчи билан боғлиқ барча суратларни ўчириб ташлаши ҳамда никоҳ узугини тақмай қўйиши мухлислар орасида турли тахминларни келтириб чиқарган эди. Эндиликда томонлар ўзаро ҳурмат сақланган ҳолда алоҳида яшашни маъқул кўришди.
Баёнотда айтилишича, жуфтлик фарзандларининг келажаги ва уларнинг бахти учун ҳамон бирга ҳаракат қилишади. Лаура ўз мурожаатида мухлислардан ушбу шахсий ва оғир даврда оиланинг шахсий ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини сўради.
Шахсий ҳаётидаги қийинчиликларга қарамай, Леандро Троссард майдондаги ўйинларига диққатини қаратишда давом этмоқда. У яқинда Вест Хем Юнайтедга қарши кечган муҳим баҳсда ғалаба голини киритиб, жамоасига ёрдам берди. Ҳозирда Арсенал Англия Премер-лигаси чемпионлиги учун курашмоқда ва Троссард Микел Артета режаларида муҳим ўрин тутади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!