date

Муҳаммад Салах Ливерпул билан хайрлашув нутқида жамоадошларини огоҳлантирди

Muhammad Salah Liverpul bilan xayrlashuv nutqida jamoadoshlarini ogohlantirdi

Мисрлик юлдуз Муҳаммад Салах Ливерпул сафидаги сўнгги учрашуви олдидан кийиниш хонасида жамоадошларига мурожаат қилиб, Энфилддаги босим ҳақида гапирди. Клуб машғулот базасида ўтказилган тақдирлаш маросимида ҳужумчи Ливерпул шарафини ҳимоя қилиш қанчалик масъулиятли эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, клубдаги ҳаёт натижаларга қараб кескин ўзгариши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Салах Ливерпулни дунёнинг энг яхши ва айни пайтда энг қийин клуби деб атади. "Мен бугун ҳиссиётларга берилмоқчи эмасман, чунки эртага жуда ҳаяжонли кун бўлади. Бу клубда ўтказган ҳар бир дақиқамни қадрлайман. Шуни билингки, Ливерпулда ғалаба қозониш — ҳаётингиздаги энг яхши нарса. Ғалаба қозонсангиз, бу дунёнинг энг зўр клуби, аммо мағлуб бўлсангиз, энг ёмони. Шунинг учун кейинги йил ғалаба қозонишингиз шарт", — деди ҳужумчи.

2017-йилда жамоага келиб қўшилган Муҳаммад Салах Мерсисайдликлар сафида 257 та гол уриб, клуб тарихидаги учинчи энг яхши тўпурарга айланди. Унинг кетиши Ливерпул тарихидаги улкан ва муваффақиятли даврнинг якунланишини англатади. Мисрлик футболчи деярли ўн йил давомида жамоанинг асосий етакчиси бўлиб келди.

Жамоа бош мураббийи Арне Слот ҳам Салахнинг клуб тарихидаги ва ўз фаолиятидаги ўрни ҳақида тўхталди. Слот ўзининг дебют мавсумидаёқ Англия Премер-лигаси чемпионлигини қўлга киритишда Муҳаммад Салахнинг ҳиссаси беқиёс бўлганини эътироф этди. Мураббийнинг таъкидлашича, Салахнинг голлари ва етакчилиги ушбу муваффақиятнинг асосий омили бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Муҳаммад Салах Ливерпул билан хайрлашув нутқида жамоадошларини огоҳлантирди