Рубен Диас Манчестер Сити жамоасини тарк этмоқчи

Манчестер Сити ҳимоячиси Рубен Диас Пеп Гуардиола клубдан кетганидан сўнг, жорий ёзги трансфер ойнасида Этиҳад Стадиумни тарк этишга қарор қилди. Португалиялик футболчи ўз агентига янги жамоа топиш бўйича кўрсатма берган. Хабарларга кўра, Диас клубдаги техник ўзгаришлар ва бош мураббийнинг кетишидан сўнг ўзини ноқулай ҳис қилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
29 ёшли марказий ҳимоячи 2020-йилда Манчестер Сити сафига келиб қўшилган эди ва шу вақт ичида барча мусобақаларда 255 та ўйинда майдонга тушди. Унинг амалдаги шартномаси 2029-йилгача мўлжалланган бўлса-да, клуб уни тахминан 60 миллион евро эвазига қўйиб юбориши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳолат Европанинг бир қатор гранд жамоаларини ҳушёр торттирди.
Айни дамда Реал Мадрид, Бавария ва PSJ футболчининг ҳолатини диққат билан кузатиб бормоқда. Айниқса, Реал Мадрид раҳбарияти Рубен Диасни Давид Алаба ва Антонио Рюдигер каби фахрий ҳимоячиларнинг ўрнини босувчи идеал етакчи сифатида кўрмоқда. Шунингдек, Мадрид клуби Диаснинг жамоадоши Йошко Гвардиолга ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар бор.
Манчестер Сити ўтган мавсумда Англия Премер-лигасида Арсенал жамоасидан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Мураббий алмашинуви даврида жамоа ўзининг асосий активларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, Пеп Гуардиола кетганидан кейин ҳимоя чизиғидаги икки муҳим ўйинчини йўқотиш клуб учун жиддий зарба бўлиши мумкин.
Ҳозирда Рубен Диас бор эътиборини Португалия терма жамоасига қаратган. У Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Конго ДР, Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоаларига қарши баҳс олиб борадиган 26 кишилик таркибдан жой олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!