Роналду – ҳаммасидан қочиб кетмоқчимиди?

  • Спорт
  • 11-07-2018, 22:53
  • 878
  • Роналду – ҳаммасидан қочиб кетмоқчимиди?
    ЖЧ-2018нинг ҳал қилувчи ўйинлари ўтиб бораётган бир пайтда, бутун футбол олами ўз фикрини мундиалдан чалғишга мажбур қилган хабар пайдо бўлди: Роналду – «Ювентус» клуби футболчиси. Ушбу трансфернинг сабабларини сиз билан қуйида муҳокама қиламиз.

    Пул учун кураш

    Ушбу воқеа январь ойида бошланган эди. Ўшанда португалиялик футболчи ўзининг кам маош (йилига 21 миллион евро) олаётгани ҳақида гапирган эди. Албатта ушбу маблағ биз учун кичик кўринмасада, Криштианунинг норози бўлишига сабаблари бор эди. Лионель Месси ва Неймарнинг 50 млн евро ва 36 млн евро маошига қараб Роналду шартнома шартларини эслаб турар эди. Флорентино Перес 2016 йили футболчига яхшироқ шартлардаги келишув таклиф қилишни ваъда берган. Мавсум якунига етгач Роналду Пересга келишув ҳақида эслатди, бироқ у яна бир маротаба ваъдасини унутди. Криштиану ушбу ҳолатдан норозилик билдирди ва раҳбариятга кетиш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан мадрид клуб раҳбарияти «истаганингни қил» маъносидаги жавобни берди.

    Ўзини қопламайдиган сармоя

    Флорентино Перес балки Криштиануни қўйиб юборишига сабаб бўлиб, эндиликда катта миқдордаги пулни ёш истъедодли футболчиларга сарфлаш истагида бўлиши мумкин. Ростдан ҳам 7-рақам эгаси 33 ёшни қарши олган. Ҳозирча у майдонда ажойиб ўйин кўрсатмоқда, лекин бунинг яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. Ҳар йили шубҳали бўлган лойиҳага 80 миллион евро сармоя киритиш тажрибали бизнесмен учун қийин масала. Шунинг учун ҳам Перес Роналдунинг ортидан чопмади ва сўнгги сўзни Кри Ронинг ўзига қолдирди.

    Қонун билан боғлиқ муаммолар

    Юқорида зикр этилган муаммоларга қўшиб, Криштианунинг солиқ идораси билан ҳам келишмовчилиги юзага келди. 2011 йилдан 2014 йилгача бўлган муддатда футболчи солиқ тўламаган ва охир оқибатдан 14,7 миллион қарздор бўлган. Футболчи тезлик билан 6 миллион еврони солиқ хизматига тўлади ва шунинг билан жиноий иш очилишидан оз муддатга қутулди. Шунинг учун ҳам ҳужумчи ушбу ишлардан чарчаган бўлса ажаб эмас.

    Янги марралар

    Криштиану ақлли йигитча. У яна бир неча йил юқори суръатда футбол ўйнашини тушуниб турибди. Ва айнан ҳозир юқори чўққида турганида, бир ой аввал Зидан каби кетиш яхши қарор эканлигини англаб етди. Ҳозирда Роналду янги марраларни кўзлаб ўзига ишончни орттиради.

    Миш-мишлар тасдиқланди

    Сўнгги икки ой ичида Роналду учун «Ювентус», «ПСЖ» ва «Манчестер Юнайтед» каби клублар кураш олиб борди. Роналдунинг ўзи эса фаолиятини «Ювентус» клубида давом эттириш истагида эканлиги пайдо бўлди. Футболчи Турин шаҳрида уй излашни ҳам бошлаган эди. Айнан шу миш-мишлар туфайли Италия бозор расталарида футболчининг исми ёзилган футболкалар сотувга тарқалиб кетди. Европанинг нуфузли нашрлари ҳам Роналдунинг трансфери ҳақида ёзишди.

    «Ювентус» Роналдунинг трансферини 48 соат ичида эълон қилади!

    Diz Jornal

    Роналдунинг агенти «Ювентус»га Криштиану сешанба куни Туринда бўлишини ваъда қилди!

    Mediaset

    «Ювентус» клуби яқин кунларда «Реал»га Роналду трансфери борасида таклиф юборади

    El Chiringuito TV

    Бироқ Криштиану Роналдунинг клубдошлари сўнгги пайтга қадар унинг кетишига ишонишмаган ва қироллик клубига содиқлигини айтишган эди.

    «Келинг нима бўлишини кузатамиз. Уни кетади деб ўйламайман. Роналду кетишини истамайман, чунки у дунёнинг энг яхши футболчиси. У биз учун жуда ҳам қадрли. Ўйлайманки, у қолади».

    Лука Модрич

    Энди Роналду Италия чемпионатида юқори чўққилар сари одимлайди. Биз эса унга бунда фақатгина омад тилаб қоламиз.
    Бобур Собиржонов

    Манба: www.uff.uz

    » » Роналду – ҳаммасидан қочиб кетмоқчимиди?
    Яндекс.Метрика