23:38 / 10.10.2018
3 172

Отабек Ғуломхўжаев: "Шотландларнинг ҳам, қолганларнинг ҳам биздан ортиқ жойи йўқ"

Отабек Ғуломхўжаев: "Шотландларнинг ҳам, қолганларнинг ҳам биздан ортиқ жойи йўқ"
Олдин хабар бериб ўтганимиздек, Отабек Ғуломхўжаев бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Испаниядаги халқаро мусобақада иштирок этмоқда.

Улар илк турда Шотландия U-18 терма жамоасига қарши баҳс олиб боришди. Гарчи ўзларидан бир ёш катта акаларига қарши ўйнаганликларига қарамай, вакилларимиз рақиб билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ўйиннинг 32 дақиқасида Шотландия терма жамоаси футболчиси Этан Жеймс ҳисобни очди. Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтиб, дарвозалар бошқа ишғол қилинмади.

Иккинчи бўлимни футболчиларимиз тўлиқ устунлик билан бошлашди. Ўйиннинг 55-дақиқасига келиб Отабек Ғуломхўжаев бир йўла 3 нафар футболчини алмаштирди. Шундан сўнг ҳамюртларимизнинг хужумлари янада кескинроқ тус ола бошлади. 58 дақиқада ўзбекистонликларнинг хавфли хужумини шотландияликлар қоидани бузган ҳолатда тўхтатишга мажбур бўлишди ва ҳакам ўйинда пенальти белгилади. Пенальтини аниқ бажарган Жасур Жалолиддинов ҳисобни тенглаштирди. Ўйин охирига қадар ушбу ҳисоб ўзгармай қолди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртларимиз кейинги ўйинни 13 октябрь куни Белгияга қарши ўтказишса, сўнгги ўйин 15 октябрь куни Францияга қарши бўлиб ўтади.

Халқаро мусобақа

Шотландия – Ўзбекистон 1:1
Голлар:
Этан Жеймс 32, 1:0, Жасур Жалолиддинов 58, 1:1.

Ўзбекистон U-17: Абдувохид Неъматов, Улуғбек Хошимов, Хожимат Эркинов, Одил Абдумажидов, Бехзод Шамсиев, Суннатилло Ҳамиджонов, Иброҳим Халил Йўлдошев, Элдор Бегимов, Иброхим Ибрагимов, Жасур Жалолиддинов, Диёр Рамазонов.
Шотландия U-18: Росс Эндрю Синклейр, Натан Паттерсон, Дин Кемпбелл, Люк Робинсон, Тейлор Уилсон, Марк Леонард, Этан Эрхахон, Энтони МакДоналдс, Эидан Фитцпатрик, Жейми Семпл, Этан Жеймс.

Учрашувдан сўнг термамиз устози Отабек Ғуломхўжаев ўйин борасидаги ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

“Агар эътибор қилган бўлсангиз, халқаро майдонда бир неча бор кўриниш берган футболчилар ўзига бўлган ишончи билан ажралиб турди. Илк бор сафарда бўлиб турган йигитларда эса бошида ҳаяжон сезилди. Нима демоқчиман, бундай рақибларга қарши ўртоқлик ўйинларининг кўпроқ бўлиши фақат ва фақат фойдалидир.

Ўша Шотландия ҳам, бошқа термалар ҳам худди биз каби футбол ўйнашини, биздан ортиқ жойи йўқлигини футболчилар онгли равишда тушуниб олишлари керак. Шунинг учун ҳам Испания йиғинини ташкил қилиб берган ЎФА раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман”, — деди Ғуломхўжаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Отабек Ғуломхўжаев: "Шотландларнинг ҳам, қолганларнинг ҳам биздан ортиқ жойи йўқ"