Қўлни кўтаринг жаноб Купер!

  • 22 январь 2019, 22:43
  • 5 422
  • Спорт
  • Қўлни кўтаринг жаноб Купер!
    Терма жамоамиз Осиё кубогида кутилган ўйинларни кўрсата олмади. Натижа учун эса биринчи рақамли айбдор мураббий ҳисобланади. Демак, терма жамоамизнинг муваффақиятсизликларида ягона айбдор бу шубҳасиз Эктор Купер.

    2018 йил 6 август. Эктор Купер иштирокидаги илк матбуот анжумани.

    КУПЕР СЎЗИНИНГ УСТИДАН ЧИҚДИ

    Журналист: Ўйин фалсафангиз қанақа: футболчиларга қараб тактика танлайсизми, ёки ўйин услубингизни футболчиларга сингдирасизми?
    Купер: Олдинроқ айтиб ўтганимдек, бу адаптация жараёнига боғлиқ. Агар футболчилар менинг фалсафамга муносиб бўла олишмаса уларга кўникишга мажбурман.

    Ҳа, жаноб Купер ўз сўзида турди ва футболчиларимизнинг ўйин услубига кўникди. Соддароқ қилиб айтсак уни ҳам “ўзбекчалаштириб” юбордик. Аслида эса бизга ўйинимизни яхши томонга ўзгартирадиган, ўз услуби ва ғояларига эга мураббий керак эди.

    Назаримда ўйин услубимиз ҳали ҳам Бабаян давридагидек: ягона ҳужумчи, қолган барча ҳимояда. Омадимиз келиб рақиб хато қилса ундан фойдаланишимиз мумкин, акс ҳолда қандай натижа қайд этишимиз аниқ. Бироқ, Куперга Сергеев ва Лобановларни термага чақирмагани учун алоҳида раҳмат айтсак арзийди. Ҳа, фақат ўша футболчиларни чақирмагани учун миннатдорчилик билдирамиз, бошқасига эмас.

    КУПЕР ЁЛҒОНЧИ

    Журналист: Январь ойида Осиё Кубоги бўлади. Терма жамоамиздан яхши натижа кутишимиз мумкинми?
    Купер: Ҳозир футболчилар билан танишиш жараёни бошланди. Албатта катта мақсад ва ишонч бор. Ўзбекистон терма жамоаси билан кўзланган мақсадга эриша олишимга ишонганим учун ҳам бу чорловни қабул қилдим. Акс ҳолда бу ерга келмасдим.

    Аргентиналик мутахассис ҳали ҳам футболчиларимиз билан танишиб улгурмадими? Ёки ярим йил оз муддатми? Купер илк матбуот анжуманида гапирган гапларини эслармикин? Ўртоқлик ўйинларидаги шармандали мағлубиятларга чидагандик, лекин...Лекин, Осиё кубогидаги нурсиз ўйинлар тоқатимизни тоқ қилгани рост.

    Купернинг Ўзбекистондаги мақсади фақатгина мўмай даромад қилиш кўринади. Бу ерда бошқа нарсани кўрмаяпман.

    ҚЎЛНИ КЎТАРИНГ ЖАНОБ КУПЕР!

    Купер: Мен натижа яхши бўлавермаса ҳам ишлайдиган мураббий эмасман. Агар натижа ўхшамаса, унда ўзим раҳбариятга қўл бераман ва уйга кетаман. Муаммо йўқ.

    Айни дамда бутун Ўзбекистон халқининг орзу-умидларини барбод қилганингизни биласизми жаноб Купер? Агар заррача буни ҳис қилаётган бўлсангиз ўзингиз айтгандек қўлни кўтариб уйга жўнанг!

    У ТЕРМА ЖАМОАМИЗНИ МУНДИАЛГА ОЛИБ ЧИҚИШГА ВАЪДА БЕРМАГАН

    Журналист: Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга ваъда бера оласизми?
    Купер: Футболда барча нарса бўлиши мумкин. Лекин мен Ўзбекистон терма жамоасини мундиалга олиб чиқишга аниқ ваъда бера олмайман. Шуни ваъда бераманки, бу йўлда бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан.

    Сизнинг қўлингиздан нималар келишини Осиё кубогида кўрдик ва ўйлаб ҳам қолдик, балким Бабаян бўлганида нисбатан яхшироқ иштирок этармидик...

    Бундай иштирокдан сўнг терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиши катта сўроқ остида қолгани шубҳасиз. Агар терма жамоамиз Купер бошқарувида қолса ва саралашда муваффақиятсизликка учраса, Купер пинагини ҳам бузмайди. Чунки, у бизни 2018 йилнинг 6 августидаёқ бу ҳақда огоҳлантирган.

    ХУЛОСА
    Купер аввал бошида кўпчилик мутахассислар айтганидек бизга мос мураббий бўлиб чиқмади. Унинг футболга нисбатан қарашлари худди ёши каби анча эскириб қолган. Шиддат билан ривожланиб бораётган бу даврда футбол ҳам кундан-кунга ўзгариб бормоқда. Бизга эса замонавий фикрлайдиган, футболимизга янгилик олиб кирадиган мутахассис керак.

    Бу ерда футбол ассоциациясини ҳам айбламоқчи эмасмиз. Шунчаки барчасини ўзгартириш учун ҳали ҳам кеч эмаслигини айтмоқчимиз холос. Футбол – мухлислар учун. Мухлислар эса доимо ўз терма жамоасидан юқори натижаларни кутишади.
    Бахтиёржон Тоштемиров

    Манба: Sports.uz

    » » Қўлни кўтаринг жаноб Купер!