22:06 / 17.02.2019
4 426

Янги Левандовски. Янги Шевченко. Янги Суарес? Кшиштоф Пёнтек ким ўзи?

Янги Левандовски. Янги Шевченко. Янги Суарес? Кшиштоф Пёнтек ким ўзи?
Бир йилгина олдин уни ҳеч ким танимасди. Мураббийларнинг у ҳақидаги башоратлари скаутларнинг одатий айёрликларига ўхшар, топ-клубларнинг кўзи эса, жанубда, янги Роналдулар ва Неймарларни излаш билан овора эди. Ана энди, Кшиштоф Пёнтек, бу номни энди фақат фентезида арзон ҳужумчи қидирганлар эмас, ҳамма билади. Уни аввалига Роберт Левандовскига ўхшатишди, «Милан»га ўтиб, кетма-кет гол уришда давом этгач эса кўпроқ Андрей Шевченкога қиёслашмоқда. Қаҳрамонимизнинг бу гаплар билан энди иши йўқ, у яқин йиллар учун ўз клубини топиб олгандек, майдонда Балотеллининг рекордини такрорлаб, буни Суарес услубида нишонламоқда. Келинг, мана шу абзацдаги сиз учун энг нотаниш, аммо энг қизиқарли ном - Кшиштоф Пёнтек ҳақида гаплашамиз.

Ким ўзи у?

Кшиштоф 1995 йилнинг июлида Польшанинг жануби-ғарбидаги кичкинагина Дзержонюв шаҳарчасида дунёга келди. Бундай жойлардан футболчи бўлиш, табиийки, жуда қийин йўллардан ўтишни тақазо этар, Кшиштоф ҳам бу ҳаётни ўз бошидан кечирганди. У «Лехия»даги машғулотларга улгуриш учун жуда барвақт туришга мажбур бўлар, стадионгача 15 километр йўл босиш керак эди.

«Доим қачонки, дангасалигим тутганида, отамнинг бақувват қўллари мени қўзғатар, унинг муваффақиятга эришиш фақат оғир меҳнат орқали бўлиши ҳақидаги сўзлари менга куч берарди», - деб эслайди Кшиштоф.

2013 йилда, 18 ёшли Пёнтек «Заглембе» клуби билан шартнома имзолади. Клуб сиёсати камтарона жамоаларга хос эди - таркибда доимий равишда ёш футболчиларга жой топилар, шу орқали клуб ҳам молиявий томондан иқтисод қиларди, ҳам ёшларга харидорлар чиқиб, омадли трансферларга йўл очиларди. Дастлаб, Пёнтек жамоадошларига рақобатда бой бера бошлади ва ғолиб чиқиш учун ўз устида кўпроқ ишлаши кераклигини тушуниб етди. Нозиккина йигитча мунтазам равишда тренажёр залларига қатнай бошлади, керакли вазнга ҳам эга бўлди ва энди уни тўпдан узоқлаштириш осон эмас, баъзида Пёнтекнинг ўзи рақиб ҳимоясига босим ўтказадиган бўлди.

Ҳужумчининг илк мавсуми «Заглембе»га омадсиз келди, жамоа иккинчи дивизионга тушиб кетди. Аммо муваффақиятсизликка қарамасдан, Кшиштоф жамоада қолди ва келаси мавсумда ўзининг 8 голи билан «Заглембе»нинг яна юқорига қайтишига ҳисса қўшди. 2016/17 йилги мавсум олдидан эса, унга Польшанинг энг қўҳна жамоаси - «Краковия»дан таклиф тушди. У ерда Пёнтекнинг икки мавсумдаги 32 голи Ғарбий Европа клубларининг ушбу футболчига қизиқиш билдиришлари учун етарли бўлди.

«Краковия»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Михал Пробеж Пёнтек ўйинининг такомиллашишида жуда муҳим рол ўйнаган.

«Авваллари мен бирорта вазиятни кўкка совурсам, яна таваккал қилишга қўрқиб қолардим ва ортга қайтиб, фақат шерикларим билан ўйнашни бошлардим. Мураббий менинг футболга бўлган қарашларимни ўзгартирди ва бироз сабрли бўлишни ўргатди. Энди мен ўйиннинг 70 ёки 90-дақиқаси ўтиб бораётган бўлса ҳам, гол уришимга ишонардим ва ўз вазиятимни кута олардим», - деб ҳикоя қилади Кшиштоф.

«Мен уни фақат бир нечта лавҳада кўрдим ва эртасигаёқ трансфер келишувига шошилдим», - дейди «Женоа» президенти Энрико Прециози, - «чунки, қайсидир бошқа клуб уни пайқаб қолишидан қўрқиб қолгандим».

Кшиштоф Пёнтек «Женоа» таркибидаги илк ўйинида «Лечче» дарвозасига покер қайд этди. Рақиб қуйи лига вакили, ўйин Италия кубоги доирасида эди. Лекин барибир, бундай дебютни ҳеч ким кутмаганди.

«Мен Пёнтек ҳақида гапиргим келмаяпти, чунки унга босим тушишидан қўрқаман. Аммо ҳақиқатан ҳам у тайёр, биз учун жуда муҳим футболчига айланишини кўнглим сезиб турибди», - дея хурсандлигини яшира олмади бош мураббий.

Футболчи ҳақидаги турли тактик таҳлилларда унинг баъзи хислатларини тилга олишмоқда. Энг муҳими, у ҳар икки оёғи ва боши билан ҳам вазиятдан фойдалана олади. Ҳужумчи учун универсализим керакли - Пёнтек қачон тўпни қабул қилиш ва қачон алдамчи ҳаракатлар билан ҳимоячиларни чалғитишни ҳам жуда яхши билади. Ҳатто бир неча ҳимоячи орасида ҳам Пёнтек тўпни қабул қилиш учун керакли зонада пайдо бўлиши ва мавжуд имкониятдан рақиб дарвозасига зарба бера олиши мумкин. Умуман, у ўзининг 23 ёшида бугунги замон футболидаги ҳужумчиларга хос тарзда ҳаракат қила олади, яъни фақат голлар уриш билан кифояланмай, турли тактик вазифаларни ҳам жуда яхши бажаради.

Левандовскининг издоши

Қизиғи, Пёнтекнинг «Женоа»га трансферининг яна бир қизиқ томони бор. Бундан саккиз йил олдин клуб бошқа бир польшалик форвард, бугунги кунда Пёнтек энг кўп қиёсланаётган Роберт Левандовскини ўз сафига қўшиб олишга жуда яқин келганди. Ҳатто шартномаларгача ёзилган, бир неча нусхада чоп этилган бир пайтда, агентлар ўртасида қандайдир келишмовчилик рўй беради ва Роберт Дортмундга кетиб қолади. Айтишларича, ўша шартнома ҳалигача «Женоа» офисида турар, доимо клуб раҳбарларига қўлдан чиқарилган ажойиб имкониятни эслатиб турар экан. Балки шунинг учунми, Энрике Прециози бу сафар хатога йўл қўймади - шу атрофларда «Вест Ҳэм» ҳам Пёнтекни қўлга киритишга уринган бўлса-да, италияликлар қатъият кўрсатишди.

«Директор менга Робертнинг ўша шартномасини кўрсатди», - дейди Кшиштоф, - «балки тиббий кўрик пайтида мен ҳам Роберт саккиз йил олдин яшаган меҳмонхонада тунагандирман. Аммо бу ўтмиш менга халақит бермаяпти. Тўғри, бир пайтлар Робертнинг Чемпионлар Лигасидаги голларини «Заглембе»даги мураббийим видеода менга кўрсатар ва айнан у каби ўйнашим лозимлигини уқтирарди. Айнан ўша видеолар ёрдамида мен дарвозага тескари турган ҳолатда тўпни қабул қилиш ва тўғри ҳаракатланишни ўрганганман. У билан терма жамоада бирга бўлиб қолганимда, ғалати ҳиссиётлар мени чулғаб олди - ахир мен ўша суперҳужумчининг ёнидаман! У билан энди гаплаша оламан! Эҳҳе, бундай пайтда уялиб ўтирадими одам? Ундан ўзимни қизиқтирган ҳамма нарсани сўрадим. Қандай овқатланиш, қандай шуғулланиш, баъзи кичик деталлардан тортиб, футболга бўлган қарашларгача. Бу мен учун жуда яхши тажриба эди-да. Назаримда, бироз унинг жонига ҳам тегдим шекилли, ҳа-ҳа-ҳа».

Албатта, бу бежиз эмас. У ҳам худди Роберт сингари тренажёрда кўп вақт ўтказади, мушаклар вазни ва тез ҳаракатланиш ўртасидаги олтин ўрталикни ўрнатишга уринади.

«Куч - менинг қуролим. Мен ҳар бир машғулотни жуда диққат билан, тўғри бажаришга интиламан. Менимча, агар спортчи бўлмаганимда ҳам, залга қатнаган бўлардим, чунки ростан ҳам, бу иш менга ёқади. Шу билан бирга, ошириб юбормаслик кераклигини ҳам биламан. Айниқса, ўйинлардан олдинги икки кун ўзимни жуда бўш қўяман, ҳатто бошим ва кўзимга босим тушмасин деб, компьютер ўйинларидан ҳам узоқ тураман».

Пёнтек ва Левандовски ўртасидаги қиёслар, албатта, ҳар икки футболчининг ҳам Польша терма жамоаси аъзосилиги билан боғлиқ. Жаҳон чемпионати олдидан ҳам мамлакатда Пёнтек ҳақида ҳамма билган бўлса-да, мураббий уни Россияга олиб кетмади ва Пёнтек ўз дебютини 2018 йилнинг сентябригача кутишга тўғри келди. «Женоа»да супермаҳсулдорлик кўрсата бошлаган ҳужумчини пайқамаслик энди қийин бўлиб қолганди. Ирландияга қарши ўйинда дебют қилган ҳужумчи, бир ой ўтиб, иккинчи ўйинида Португалия терма жамоаси дарвозасини аниқ нишонга олди.

Шундай бўлса-да, Пёнтекнинг терма жамоа асосий ҳужумчисига айланишига бироз вақт бор. Лекин Роберт Левандовскининг ёши ўттиздан ошгани ва Польшадаги иккинчи ҳужумчи саналган Аркадиуш Миликнинг жароҳатларга мойил эканини ҳисобга олсак, бундан ташқари, Пёнтек энди янада юқорироқ савияда, «Милан»да порлаётгани эътиборга олинса, бу вақт ҳам кундан кунга қисқариб бораётгандек.

Пистолеро!

Ҳужумчининг «Милан»га трансфери ҳамма томонидан ҳам олқишланмади. Скептиклар кўп эди. Айниқса, Кшиштофнинг ярим йилгина А Серияда тўп сургани 35 миллиондан воз кечиш учун етарли эмасди. «Торино» сафида бир мавсум ажойиб ўйин кўрсатиб, нархи юз миллионгача кўтарилган, аммо ҳозирда кўпчилик унутаёзган Белотти билан солиштиришлар бўлди. Пёнтекнинг ўйини ва ураётган голлари асосан қарши ҳужумлар асосида бўлиб, «Милан»нинг ўйин услубида унинг йўқолиб қолиши мумкинлиги айтилди. Ҳатто мана шу ярим мавсумда ҳам Пёнтекнинг статистикаси барқарор эмас экан - дастлабки 9 ўйинда 9 гол урган ҳужумчи, кейинги 10 ўйинда атиги 2 гол урган, холос. Агар дақиқалар бўйича маҳсулдорликни ўлчасак, «Милан»нинг ёш ҳужумчиси Патрик Кутроненинг кўрсатикичлари Кшиштофникидан кам эмас. Тайёр Кутроне турганда Пёнтекка нима бор? «Милан»нинг одатий шошқалоқ трансферларидан эмасми? У Гонсало Игуаин ўрнини боса олишига шубҳалар бисёр эди.

Барча шубҳалар, ҳисоб китоблар-у жадваллар Италия Кубоги учрашувида «Наполи» дарвозасига қайд этилган дубль билан ювилиб кетди. Польшалик ҳужумчининг голлари миланликларга анчадан буён ноқулай бўлиб келган ашаддий рақиб устидан ғалабага сабаб бўлди. Бу Пёнтекнинг «Милан» сафида илк дақиқалардан майдонга тушган илк ўйини эди. Энди мухлислар бу трансферга шубҳа билан қараш тугул, Пёнтекнинг номини қўшиқ қилиб айта бошладилар.

Жавоблар узоқ куттирмади - кейинги турда «Рома»га қарши сафар ўйинида Пёнтек ҳисобни очди. «Кальяри» билан ўйинда эса, унинг зарбаси ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Пёнтек ҳақида бутун Европа айниқса, бугундан, Пёнтек «Аталанта»га қарши кечган қийин ўйинда иккита бир-биридан чиройли голлар уриб, жамоасига ғалаба олиб келгач, гапира бошлади.

Кшиштоф Пёнтек «Милан» тарихига кириб улгурди, у клубдаги 6та голини дебютдаги 310 дақиқа ичида уриб улгурди ва бу орқали клубнинг ўтган асрнинг 50-йилларидаги афсонавий футболчиси Гуннар Нордалнинг рекордини янгилади, норвегиялик легионер «россонери» таркибида илк 6 голини уриш учун 419 дақиқа ўйнаганди. Пёнтек бу натижага эришиш учун 5 ўйинда 18 марта зарба берди (8таси дарвоза соҳасига).

Айни вақтда у «Женоа»да урган голлари билан қўшиб ҳисобланганда Италия чемпионатида иккинчи тўпурар бўлиб турибди - 17 гол. У Криштиану Роналдуни (19 гол) кичик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Унинг гол нишонлаш чоғида, тиззалаб, қўллари билан пистолетдан ўқ узиш ишорасини қилиши эса, Италияда ўзига хос брендга айланди. Генуялик, ана энди, миланлик мухлислар ҳам Кшиштофни кўрганида худди шундай ишора билан ўз меҳрларини изҳор қилмоқдалар. «Женоа» мухлисларнининг айтишича, Пёнтекнинг мана шу ҳаракатлари туширилган футболка, ёстиқча ва бошқа турли норасмий атрибутлар шаҳарда жуда яхши сотилган эди. Аслида эса, бу бренднинг яратилиши тасодифан бўлганди.

Кшиштоф энди энди Италияга келганида, унинг шижоати ва ишончига юқори баҳо берилиб, маҳаллий мухлислар bomber деб атай бошлагандилар.

«Бу сўз поляк тилида бироз бошқача маънони англатади», - кейинроқ тушунтириш берганди Кшиштоф, - «bomber деб бизда кўп гол урадиган ҳужумчиларни айтишмайди. Bomber нишончи деганидир. Шунинг учун мен гол урганимдан кейин лақабимга мос тарзда шундай ишора қила бошладим».

Шу тариқа, ҳужумчига янги, ҳеч қандай таржимасиз ҳам тушунарли бўлган лақаб ҳам топилди. Энди уни, худди Луис Суарес каби Pistolero деб ҳам атай бошладилар. Миланликлар эса, Пёнтекда Суарес ёки Левандовскини эмас, Шарқий Европадан Италияга ташриф буюриб, афсонага айланган бошқа бир юлдуз - Андрей Шевченкони кўрмоқдалар.

Ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ, 2018 йилнинг апрель ойида ҳужумчининг ўша пайтдаги мураббийи Михал Пробеж шундай деганди: «Агар ҳозир Кшиштофга 3-5 миллиондан қизғонсангиз, бир йилдан кейин у учун 30 миллион евро тўлашингизга тўғри келади. Мен бир пайтлар Левандовски ҳақида ҳам худди шундай деган эдим. Кўрасизлар, ҳали кўпчилик, уни Польшада эканлигида сариқ чақага сотиб олмаганидан афсус қиладилар».

Бу сўзлардан бир неча ой ўтиб, «Женоа» у учун 4,5 миллион евро тўлади. Пробеж башоратининг дастлабки қисми амалга ошди. Январда эса, ҳужумчи учун 35 миллион еврони аяшмади. Ва «Милан» ҳам афсус қилмаяпти, назаримизда.
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Янги Левандовски. Янги Шевченко. Янги Суарес? Кшиштоф Пёнтек ким ўзи?