Саудия шаҳзодаси Lucid Моторс компаниясидан 5 фоизлик улуш сотиб олди

Саудия шаҳзодаси Lucid Моторс компаниясидан 5 фоизлик улуш сотиб олди

Саудия Арабистони қироллик оиласи аъзоси шаҳзода Ал Валид бин Талал Ал Сауд электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи Lucid Моторс компаниясининг 5 фоизлик улушини харид қилди. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссиясига тақдим этилган расмий ҳужжатларга кўра, миллиардер шаҳзода 19 миллиондан ортиқ акцияни ўз номига расмийлаштирган. Ушбу қадам Қиролликнинг мазкур электромобилсозлик корхонасидаги умумий иштирокини янада оширди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.

ixbt.com ва TechCrunch нашрлари тарқатган маълумотларга кўра, харид Lucid Моторс бозор қиймати 2 миллиард доллардан пасайиб кетган даврга тўғри келди. Жорий йилнинг 14-июль санасида таниқли электромобиллар блоги компания банкротликка юз тутиши ёки Саудия Арабистонининг суверен бойлик жамғармаси томонидан хусусийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди. Шундан сўнг Lucid раҳбарлиги бу миш-мишларни қатъиян рад этган ва компания акциялари нархи кейинчалик яна тикланиб олганди.

Компаниядаги таркибий ўзгаришлар ва раҳбарият муносабати

Lucid Моторс бош коммуникациялар директори Ник Творк берган баёнотига кўра, компания алоҳида инвесторларнинг шахсий қарорларини изоҳламайди, бироқ билдирилган мустақил ишончни юқори баҳолайди. Ушбу акция олди-сотдиси Lucid компаниясининг янги бош директори Силвио Наполи томонидан бошланган йирик қайта қуриш ва тузилмани соддалаштириш жараёнига тўғри келди. Хусусан, июн ойида харажатларни қисқартириш мақсадида ходимлар сони 18 фоизга қисқартирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонининг Давлат инвестиция жамғармаси (ПИФ) 2018-йилдан бери Lucid Моторс компаниясининг асосий акциядори бўлиб келмоқда. Ўшанда Саудия расмийлари Tesla компаниясини хусусийлаштириш режасидан воз кечиб, маблағларни мазкур стартапга йўналтирганди. 2021-йилда электромобилсозлик корхонаси махсус мақсадли компания билан бирлашиб, фонд бозорига чиққанидан буён ПИФ тахминан 60 фоизлик улушга эгалик қилиб келмоқда.

Арабистонлик Уоррен Баффетнинг технологик инвестициялари

Саудия Арабистони ҳукуматига тегишли бойлик жамғармаси сўнгги йилларда Lucid Моторс компаниясини молиявий қўллаб-қувватлашнинг асосий манбаи бўлиб қолди. Корхона АҚШ ва халқаро бозорда оммавий харидорларни топишда қийналаётган бир пайтда, саудияликлар мунтазам равишда акциялар сотиб олиб, миллиардлаб долларлик қарзлар ажратиб келмоқда. Янги харид эса қироллик элитасининг ушбу бренд келажагига бўлган ишончини яна бир бор амалда кўрсатди.

Шаҳзода Ал Валид бин Талал ўзининг холдинг компанияси орқали АҚШнинг йирик технологик лойиҳаларига инвестиция киритиш борасида бой тажрибага эга. У ўз вақтида Twitter компаниясининг асосий акциядорларидан бири бўлган. 2022-йилда Илон Маск ижтимоий тармоқни сотиб олишга урушганда дастлаб бунга қаршилик кўрсатган бўлса-да, кейинчалик ўз позициясини ўзгартириб, Маскни қўллаб-қувватлаган ва битимдан сўнг иккинчи йирик акциядорга айланганди. Ўзининг расмий веб-сайтида тез-тез «арабистонлик Уоррен Баффет» деб аталадиган инвестор шунингдек Снап ва Деэзер компанияларида ҳам ўз улушларига эга.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар