Хитойлик муҳандис сунъий интеллект ёрдамида учар скейтборд яратди

Хитойлик муҳандис сунъий интеллект ёрдамида учар скейтборд яратди

Хитойлик мустақил ихтирочи Сонг Синъюй «Ўргимчак одам» фильмидаги Яшил Гоблиннинг учар қурилмасидан илҳомланиб, одамни ҳавога кўтара оладиган скейтборд яратди. У қурилмани ишлаб чиқишда сунъий интеллектдан ҳам фойдаланган. Бу ҳақда бир қатор хорижий нашрлар хабар берди.

Дастлаб ихтирочи бешта реактив двигател ўрнатилган қурилмани синаб кўрган. Бироқ двигателлар биргаликда ишга туширилганда қурилма ёниб кетган. Сунъий интеллект ёрдамида носозлик сабаблари таҳлил қилингач, реактив двигателлардан воз кечиб, электр моторларидан фойдаланишга қарор қилинган.

Янги версияга 10 та электр ҳаракатлантирувчи қурилма ўрнатилган. Ҳар бирининг тортиш кучи 30 килограммдан ортиқ бўлиб, умумий кўтариш кучи тўрт нафар катта ёшли инсон вазнидан ҳам ошади.

Қурилмани бошқаришдаги энг катта муаммолардан бири мувозанатни сақлаш бўлган. Бунинг учун ихтирочи иккита смартфондан фойдаланадиган сунъий интеллект ёрдамчи тизимини яратган. Тизим парвоз вақтида қулоқчин орқали овозли кўрсатмалар бериб, унга тана ҳолати ва оғирлик марказини қандай ўзгартиришни айтиб туради.

Хабарларга кўра, ихтирочи қурилмани яратишга қарийб икки ой, уни бошқаришни ўрганишга эса ўн кундан ортиқ вақт сарфлаган. Шунга қарамай, очиқ пропеллерлар ва мувозанатни йўқотиш хавфи сабабли бу қурилмада учиш жиддий эҳтиёткорликни талаб қилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар