Ўзбекистонда Apple Pay хизмати яқин кунларда ишга тушиши кутилмоқда

Ўзбекистонда Apple Pay хизмати яқин кунларда ишга тушиши кутилмоқда

Ўзбекистонда Apple Pay халқаро тўлов хизматини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Туризм қўмитаси маълумотига кўра, хизмат яқин кунларда ишга тушиши кутилмоқда. Бироқ унинг аниқ санаси ҳозирча расман эълон қилинмаган.

Хизматни жорий этиш бўйича техник ишлар Марказий банк, тижорат банклари ҳамда маҳаллий тўлов тизимлари иштирокида олиб борилмоқда. Режага кўра, интеграция ишлари халқаро тўлов хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Туризм қўмитаси бу ташаббус хорижий сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, жумладан, дунёнинг етакчи тўлов тизимларини Ўзбекистон инфратузилмасига интеграция қилиш ишларининг давоми эканини билдирган. Мақсад — сайёҳларга мамлакатда ҳам ўзлари одатланган тўлов воситаларидан фойдаланиш имконини яратиш.

Шунингдек, сайёҳлар оқими ўсиши кутилаётган Хитой ва Ҳиндистон бозорларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мамлакатларда кенг қўлланиладиган Alipay+ ва NPCI International тўлов тизимлари билан ҳам интеграция ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур чоралар хорижий меҳмонларнинг нақд пул ёки халқаро банк карталарига боғлиқлигини камайтириб, Ўзбекистонда тўловларни амалга оширишни янада қулайлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар