date

Кафе-ресторанларга қисқа муддатли ходим ёллаш осонлашади

Ўзбекистонда кафе, ресторан, туризм ва меҳмонхона соҳаларида ходимларни қисқа муддатга расмий ишга қабул қилиш имконияти жорий этилмоқда. Бу ҳақда “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда расмийлаштира олади. Яъни ходимни шу куннинг ўзида, бир кунлик ёки муайян қисқа муддатга қонуний ишга қабул қилиш ва унга иш ҳақи тўлаш имконияти пайдо бўлади.

Бу тартиб айниқса кафе ва ресторанлар учун қулай бўлиши кутилмоқда. Чунки умумий овқатланиш соҳасида баъзан байрам, тадбир, мавсумий талаб ёки мижозлар оқими кўпайган пайтларда қўшимча ходимларга эҳтиёж туғилади. Энди бундай ҳолатларда тадбиркор ходимни норасмий жалб қилмасдан, тез ва қонуний тарзда расмийлаштириши мумкин бўлади.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ҳам ушбу янгилик юзасидан тушунтириш берди. Унинг айтишича, умумий овқатланиш, туризм ва меҳмонхона соҳаларида бир кунлик ёки бир ҳафталик ишга олиш ҳолатлари кўп учрайди. Янги тизим эса ана шу амалиётни қонуний ва содда шаклга келтиради.

“Бунда ходимни шу куннинг ўзида, яъни бир кунлик иш ҳақи бериш эвазига ёки бир ҳафталик иш ҳақи бериш эвазига расмийлаштириш имконияти пайдо бўлади”, — деди у.

Мазкур тартиб кичик бизнес учун ортиқча бюрократияни камайтириш, меҳнат муносабатларини шаффофлаштириш ва ходимлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилиши мумкин. Чунки расмийлаштирилган ходимнинг иш ҳақи, меҳнат фаолияти ва ҳуқуқий мақоми аниқ қайд этилади.

Қисқаси, 2026 йил 1 июндан кафе ва ресторанлар айрим ходимларни бир кунлик ёки бир ҳафталик каби қисқа муддатга соддалаштирилган тартибда расмий ишга олиши мумкин бўлади. Бу бизнес учун ҳам, ходим учун ҳам қулай: иш тез, расмий ва “оғзаки келишдик-да” деган эски режимсиз амалга ошади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кафе-ресторанларга қисқа муддатли ходим ёллаш осонлашади